20:12 | 23.05.24

                       

Фармацевтика соҳасига 100 миллион доллар арзон ресурс ажратилган

Фармацевтика соҳасига 100 миллион доллар арзон ресурс ажратилган. Кейинги йилларда фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун Президент «йўл харитаси»ни тасдиқлади.

Шавкат Мирзиёев фармацевтика тармоғида эришилаётган натижалар ва истиқболли режаларга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2024 йил 23 май куни Президентга фармацевтика тармоғидаги натижалар ва лойиҳалар тақдимот қилинди. Иқтисодиёт ва аҳоли саломатлигида муҳим ўрин тутадиган бу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, зарур ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар яратиб берилмоқда. Биргина жорий йил бошида шу борада иккита ҳужжат қабул қилинди. Хусусан, 10 январдаги Президент қарорига мувофиқ, 2024-2025 йилларда фармацевтика тармоғини ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. 23 январда қабул қилинган фармонда фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Президент матбуот хизмати

Соҳадаги янги лойиҳалар учун 100 миллион доллар арзон ресурс ажратилди. Бундан ташқари, Асака банк томонидан 200 миллион доллар жалб қилинди.

Бу имкониятлар натижасида ўтган 4 ойда 30,5 миллион долларлик иккита лойиҳа ишга туширилиб, 160 та иш ўрни яратилган. 1,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 51 миллион долларлик экспорт қилинган.

Хусусан, бу йил 400 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 200 миллион долларга етказиш режалаштирилган. 2 миллиард долларлик 147 та лойиҳа бошланиб, шундан 28 таси жорий йилда ишга туширилиши белгиланган. 450 турдаги янги маҳсулотни маҳаллийлаштириш мўлжалланган.

Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари бу имкониятлардан фойдаланиб, маҳаллий маҳсулотлар билан ички бозор талабини қондириш даражасини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Ишлаб чиқаришни халқаро стандартларга ўтказиш, нарх ва сифат мутаносиблигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда соҳада рақамлаштиришни бу йил 65 фоизга етказиш, кейинги йил эса тўлиқ якунлаш вазифаси қўйилди. Бу орқали нархни камида 20 фоизга арзонлаштириш мумкинлиги қайд этилди. Соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент матбуот хизмати

«Tashkent Pharma Park» инновацион фармацевтика кластери фаолиятини жадаллаштириб, 470 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга тушириш чоралари кўриб чиқилди.

Фармацевтика соҳасига инвесторларни жалб қилиб, янги лойиҳаларни кўпайтириш бўйича ҳам ахборот берилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: