15:21 | 13.02.24

                       

Фарзандлари дарс қолдираётган ота-оналарга «Огоҳлантириш хати» юборилаётгани ҳақидаги хабарга муносабат берилди

Фарзандлари мактаб дарсларини қолдириб келаётган ота-оналарга «Огоҳлантириш хати» юборилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди. Хабарда уларга турли тартибдаги маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланиши айтиб ўтилган.

Ижтимоий тармоқларда дарс қолдириб келаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига «Огоҳлантириш хати» юборилиши ва бу орқали уларга турли тартибдаги маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланиши айтилган хабар тарқалди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати маълумот беришича,  Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2024 йилнинг 5 феврал куни ўтказилган ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилганлиги айтиб ўтилди.

Инспектор-психологларнинг асосий вазифаси, ўқувчиларнинг таълим-тарбиясини ташкил этишда мактаб жамоаларига яқиндан кўмаклашиш, мунтазам дарс қолдирувчи ўқувчиларнинг ота-оналари билан ишлашдан иборат.

«Шу мақсадда дарсларга мунтазам (уч ўқув куни ва ундан ортиқ) сабабсиз қатнашмаётган ўқувчиларнинг яшаш манзилларига тезкор равишда ‘Огоҳлантириш хати’ юборилмоқда. Унда ўқувчиларнинг ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси мазмун-моҳияти тушунтириб ўтилган.

Жумладан, фарзандларини тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик, болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим олишига тўсқинлик қилиш оқибатлари бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддасига асосан қонуний жазо чоралари келтириб ўтилган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, бундан кўзланган мақсад, дарсда иштирок этмаётган ўқувчилар оила аъзоларининг масъулияти ва жавобгарлигини оширишдан иборат.

Маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари белгиланган.

Бундан ташқари, «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг 51-моддасида вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси ва бошқа қонуний вакиллари болаларининг умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки бошланғич профессионал таълим олишини таъминлаши шарт эканлиги келтириб ўтилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: