11:35 | 05.11.23
Компания Навоийдаги икки ҳудудда геологик қидирув ишларини олиб боради.
Франциянинг Orano компанияси Ўзбекистонда уран қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш учун 500 миллион доллар сармоя киритади. Бу ҳақда Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломовга таяниб, Spot нашри хабар берди.
Вазирнинг айтишича, француз компанияси билан ҳамкорлик бўйича келишувга эришилган. Унга кўра, компания ҳозирда геология-қидирув ишларини олиб бораётган бўлиб, 2024 йилнинг охирига қадар лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилиши айтилган.
Шартнома бўйича Orano компанияси Навоий вилоятининг Томди туманидаги иккита қўшимча майдонда геологик қидирув ишларини олиб бориши кўзда тутилган.
«Барчаси, албатта, техник-иқтисодий асослашда ҳал қилинади, ҳозирча ҳаммаси ижобий кетмоқда. Умумий сармоянинг жами ҳажми шартномада 500 миллион долларгача қилиб белгиланган», дейди Исломов.
Вазирнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда уран ишлаб чиқаришнинг мавжуд ҳажмлари аллақачон ўз бозорларини топган. Ядро ёқилғиси ишлаб чиқаришнинг ошиши билан Ўзбекистон нархлар конъюнктурасидан келиб чиқиб экспорт қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.
«Уран бўйича ким билан ишлашишимиздан қатъий назар, биз жаҳон нархларига асосланганмиз. Агар нарх кўтарилса, бизда ҳамма нарса формулаларга боғлиқ ва етказиб бериш нархимиз ҳам кўтарилади», – дея вазирнинг сўзларини келтиради Spot.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 2 ноябр куни Франция президенти Эммануэл Макрон Ўзбекистонга келганди. Шунингдек, у билан бирга бир қатор француз компаниялари, жумладан, Orano раиси ҳам мамлакатга ташриф буюрган ва Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: