9:56 | 12.01.24

                       

«Ғузор тандир гўшти» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди

Ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома Ғузор туман ҳокимлигига товар турига нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

Қашқадарё вилоят адлия бошқармасининг кўмагида жорий йилнинг 8 январь куни «Ғузор тандир гўшти» географик кўрсаткич сифатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилгани маълум қилинди.

Қашқадарё вилоятида биринчи бўлиб давлат рўйхатидан ўтказилган ушбу географик кўрсаткичдан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома унинг эгаси, яъни Ғузор туман ҳокимлигига гувоҳномада кўрсатилган товар турига нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

«Хулоса қилиб айтганда, географик кўрсаткичлар сонини ошиши ҳудудларга туристик оқимининг кўпайишига, гастрономик туризмни ривожлантиришга ва умуман, ҳудудларнинг туристик жозибадорлигини оширишга ёрдам беради», дейилади бошқарма хaбарида.

Қайд этиш керак, «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги географик кўрсаткич деб эътироф этилиб, унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади. Адлия вазирлиги географик кўрсаткичларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ғиждувон шашлик» Бухорода географик кўрсаткич сифатида патентланган ягона гувоҳномага эга бўлгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: