14:30 | 10.10.21
Bugun.uz мазкур қонунни дунё давлатлари мисолида кўриб чиқади ва Ўзбекистон билан солиштиради
Беларусь президенти ҳақида латифа айтган эркак қамоққа олингани тўғрисида хабар тарқалган эди. Михаил Линтовскийнинг Одноклассники ижтимоий тармоғидаги Лукашенко ҳақида айтган ҳазили суд томонидан президент обрўсини пасайтириш, унга нисбатан салбий стереотип ва салбий имижни шакллантиришга қаратилган, деб топилиб, у қаттиқ тартибли колонияда бир ярим йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Агарда бу ҳолат бошқа давлатда юз берганда қандай кутиб олинар эди? Қайси давлатлар қонунчилигида давлат раҳбари шаъни ва қадр-қимматини камситганлик учун жавобгарлик белгиланган? Ҳуқуқбузарларни қандай жазолар кутиб турибди? Президент шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовуз ҳамда бошқа шахсларга қилинган туҳмат ва ҳақорат ўртасида фарқли жиҳатлар борми? «Bugun.uz» колумнисти Мурод Нажмиддинов шу каби саволларга жавоб беради.
Бельгия: 3 йилгача қамоқ ва жарима
Монарх ва қироллик оиласига қилинган ҳар қандай усулдаги ҳақорат ва туҳмат 1847 йил
6 апрелдаги «Қиролга қарши жиноятлар тўғрисида»ги қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлади. Унинг 1-моддасига асосан, қиролга нисбатан қилинган ҳар қандай ҳақорат, жумладан, ёзма ва расм кўринишидаги оммага тарқатилган маълумотлар 6 ойдан 3 йилгача қамоқ ва жарима жазоси қўлланишига сабаб бўлиши мумкин. 2-моддага асосан, қироллик оиласи аъзоларига қилинган ҳақорат эса 6 ойдан 2 йилгача қамоқ ва жаримага сабаб бўлади.
Дания: 4 йилгача қамоқ
Жиноят кодекси 115-моддасига асосан, ҳақорат Дания қироли ва ҳукумат раҳбарига қаратилган тақдирда, жиноий жазо икки бараварга кўпаяди. Бунда жиноятчи 4 йилгача қамоқ жазоси билан тўқнашиши мумкин. Агарда жабрланувчи қиролича, қироличанинг онаси ёки тахт вориси бўлса, жазо 50 фоизга ошади (тахминан 3 йилгача қамоқ).
Франция: 45,000 еврогача жарима
Францияда президентга қилинган ҳақорат учун жавобгарлик белгиланган 1881 йил 29 июлдаги «Матбуот эркинлиги тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддаси 2013 йилда бекор қилинди. Бироқ, шу билан бирга, Франция президенти Жиноят кодексидаги «ҳақоратдан муҳофаза қилинган давлат хизматчилари рўйхати»га киритилди.
Германия: 5 йилгача қамоқ ва сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум қилиш
Жиноят кодексининг 90-моддасига асосан, Германия президентини оммавий ахборот воситалари орқали ёки оммавий равишда ҳақорат қилганлик учун 3 ойдан 5 йилгача қамоқ жазоси мавжуд. Шунингдек, суд ҳуқуқбузарга ўз касби билан шуғулланишни, маълум фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланишни, хусусан, давлат хизматига кириш, сайлаш ва сайланишни тақиқлаши мумкин.
Греция: 3 ойгача қамоқ
Греция Жиноят кодексининг 168-моддасига асосан, президентни ҳақорат қилиш жиноят деб топилиб, ҳуқуқбузар 3 ойгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Шунингдек, Греция Конституцияси 14-моддаси 3-қисми «б» банди президентга нисбатан ҳақорат мавжуд бўлган материалларни мусодара қилишга рухсат беради.
Исландия: жазо 2 баробаргача оширилади
Исландия Жиноят кодексининг 101(1)-моддасига асосан, президент ёки президентлик ваколатларини амалга оширувчи шахсга нисбатан ҳақорат содир этилган тақдирда, жазо 2 баробаргача кучайтирилади.
Италия: 5 йилгача қамоқ
Президент обрўсига тажовуз қилиш Италия Жиноят кодексининг 278-моддасига асосан, 5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинишга сабаб бўлиши мумкин.
Нидерландия: 5 йилгача қамоқ
Жиноят кодексининг 111-моддасига асосан, қиролни, унинг турмуш ўртоғи ва тахт ворисини ҳамда регентни ҳақорат қиладиган ҳар қандай ёзма материаллар ёки тасвирларни тарқатган, омма олдида намойиш қилган, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган ёки шундай ниятда бўлган шахсга
4-тоифадаги жарима ёки 5 йилгача қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.
Польша: 3 йилгача қамоқ
Жиноят кодексининг 135(2)-моддасига асосан, Польша президентини омма олдида ҳақоратлаш 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Португалия: 3 йилгача қамоқ ва жарима
Португалия Жиноят кодексининг 328-моддасида президентни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш учун 3 ойгача қамоқ ёки жарима белгиланган. Агарда бу ҳаракатлар медиа орқали амалга оширилса, жазо 6 ойдан 3 йилгача узайтирилади.
Словения: жарима ёки 1 йилгача қамоқ
Словения Жиноят кодексининг 163-моддасига асосан, президентга қарши ҳақорат, туҳмат ёки ғаразли мақсадларда тарқатилган бошқа материаллар иш ҳолатига қараб жарима ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.
Испания: жарима ёки 2 йилгача қамоқ
Испания Жиноят кодекси 490(3)-моддасига асосан, «Қиролга, қироличага, уларнинг бирор аждод ёки авлодига, қариндошига, тахт ворисига қарши туҳмат ёки ҳақорат» 6 ойдан икки йилгача қамоқ жазоси берилишига, агарда иш жиддий бўлмаса, 12 ойгача жарима солишга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, 491(2)-моддага кўра, «Қирол ҳокимияти нуфузига зарар етказиши мумкин бўлган» тарзда ва усулда қиролнинг суратидан фойдаланиш учун ҳуқуқбузар 6 ойдан 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиниш мумкин.
Швеция: 6 йилгача қамоқ
Швеция Жиноят кодексига асосан, Қирол ва қирол оиласига (lèse-majesté) қарши туҳмат ёки ҳақорат 4 йилгача қамоқ, агарда қўпол ҳолатда содир этилган бўлса, 6 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Литва: 144 дан 289 еврогача жарима
Литвада президентга нисбатан ҳақорат ва туҳмат учун жиноий жавобгарлик мавжуд эмас. Бироқ Литва Маъмурий ҳуқуқбузарлик кодекси 214-моддасига асосан, президентни ҳақорат қилиш 1044 дан 289 еврогача жарима қўлланишига сабаб бўлиши мумкин. Агарда бу ҳолат такрорланса, жарима суммаси оширилади.
Озарбайжон: 275 дан 830 еврогача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача қамоқ
Жиноят кодекси 323(1)-моддасига асосан, давлат раҳбарининг шаъни ва қадр-қимматини оммавий баёнотда, медиада, Интернет тармоғида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар жойлаштириб камситиш 500 дан 1000 манатгача (тахминан 275 дан 830 еврогача) жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
Туркия: 4 йилгача қамоқ
Президентни ҳақорат қилиш Туркия Жиноят кодексининг 299-моддасига асосан, 1 йилдан 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан, агарда ҳақорат омма олдида содир этилган бўлса, жазо 6/1 қисмга оширилади.
Россия: 140 000 рублгача жарима, 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари
Россия Жиноят кодексида давлат хизматчиларини ҳақорат қилиш билан боғлиқ бир қанча моддалар мавжуд. Хусусан, 319-модда — Ҳокимият вакилини ҳақоратлаш, 297-модда — Судга ҳурматсизлик, 298.1-модда — Судья, прокурор, терговчи, суришитрувчи ва суд ижрочисини ҳақоратлаш. Ҳокимият вакилини ўз хизмат вазифаларини бажариш пайтида ёки уни бажариш муносабати билан очиқчасига ҳақоратлаш 140 000 рублгача ёки жиноятчининг 3 ойлик маоши миқдорида жарима, 360 соатгача мажбурий жамоят ишлари ёки 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинишига сабаб бўлиши мумкин.
Беларусь: 5 йилгача қамоқ
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 23.33-моддасига асосан, Беларусь президенти ҳақида медиада унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи ёлғон ахборот тарқатиш жисмоний шахслар учун 20 дан 50 бирликкача, юридик шахслар учун 500 бирликкача жарима солинишига сабаб бўлади.
Жиноят кодекси 367-моддасига асосан, президентга нисбатан Интернет тармоғида, оммавий чиқишларда ва медиада туҳмат қилиш жарима, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, агар оғир туҳмат содир этилган бўлса, бу муддат 4 йилга қадар узайтирилади. Шунингдек, 4 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Агар бу ҳақоратлар такроран содир этилса, ҳуқуқбузар 5 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Жиноят кодексининг 368-моддасига асосан, Беларусь президентини омма олдида ҳақорат қилганларни жарима, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки худди шу муддатга қамоқ жазоси кутади.
Қозоғистон: икки президент учун алоҳида жавобгарлик
Қозоғистон призедентни ҳақоратлаганлик учун жиноий жавобгарлик масалаларида ўзига хослиги билан ажралиб туради. Унда нафақат амалдаги, балки биринчи давлат раҳбарини ҳақоратлаганлик учун ҳам жавобгарлик мавжуд. Хусусан, Жиноят кодекси 373-моддасига асосан, Қозоғистон Републикасининг биринчи президенти — Элбошини омма олдида ҳақорат қилиш ёки бошқа усулда унинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш 5000 ойлик иш ҳақи миқдорида жарима ёки шу миқдорда ахлоқ тузатиш ишлари, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки шу муддат давомида озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Жиноят кодексининг 375-моддасида Қозоғистон президентининг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилиш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, ҳуқуқбузарни 373-моддада кўрсатилган жазо кутади.
Тожикистон: 5 йилгача қамоқ
Жиноят кодексининг 137-моддасига асосан, президентни омма олдида, Интернет тармоғида, медиа воситалари орқали ёки нашр қилинган ҳолда ҳақорат ва туҳмат қилиш 2 йилдан 5 йилгача қамоқ билан жазоланади. 2016 йил ноябрда Жиноят кодекси 137-1-моддаси билан тўлдирилиб, унга асосан, «Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси — Миллат йўлбошини омма олдида ҳақоратлаш ва унга қарши туҳмат» учун 2 йилдан 5 йилгача қамоқ жазоси кутади.
Туркманистон: 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш
Туркманистон Конституциясининг 74-моддасига асосан, президент шаъни ва қадр-қиммати алоҳида муҳофазага олинган. Туркманбошини ҳақорат ёки туҳмат қилиш учун Жиноят кодексининг 176-моддасида 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.
Ўзбекистон: 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисмига асосан, Президентни омма олдида ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш, шунингдек, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда уни ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
2021 йил март ойида 158-модда 3-қисми диспозицияси «телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан» сўзлари билан тўлдирилди. Бунга қадар Президентни ҳақоратлаш ва унга туҳмат қилиш учун омма олдида содир этилиш билан бир қаторда фақатгина оммавий ахборот воситаларидан фойдаланилганда жавобгарлик вужудга келар эди. Энди эса Facebook, Instagram, Twitter, Tik Tok, Telegram — ҳар қандай ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган пост, твит ва бошқа материаллар ҳамда уларга қолдирилган шарҳлар учун таркиб бўлса, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасига асосан, Президентнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказилишига йўл қўйилмайди ҳамда бундай ҳаракатлар қонун билан таъқиб қилинади. Бу қоида Ўзбекистон Биринчи Президентига нисбатан ҳам ўз кучини сақлаб қолади.
Юқорида саналган давлатлардан ташқари, давлат раҳбари — қирол, унинг оила аъзолари, президент ва ҳукумат раҳбарларини ҳақорат қилганлик, ҳақиқатга мос келмайдиган уйдирмалар тарқатганлик учун Камерун, Баҳрайн, Кувайт, Таиланд, Эрон, Индонезия, Ливан, Венесуэла, Саудия Арабистони, Марокаш, Багама, Куба, Суринам ва бошқа бир қатор давлатлар жиноят қонунчилигида жиноий жавобгарлик учрайди.
Шу билан биргаликда, Финляндия, Эстония, Латвия, Буюк Британия, Ирландия, Чехия, Словакия, Австрия, Венгрия, Руминия, Хорватия, Сербия, Болгария, Македония, АҚШ, Украина, Қирғизистон, Албания, Норвегия, Кипр каби мамлакатлар жиноят қонунчилигида давлат раҳбарини ҳақорат қилганлик ёки унга туҳмат қилганлик учун жавобгарлик сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳоланиб, декриминализация қилинган ёки жавобгарликни назарда тутувчи модда умуман мавжуд бўлмаган.
Президент шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузнинг туҳмат ва ҳақоратдан фарқи
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддасида туҳмат, 140-моддасида ҳақорат учун алоҳида жавобгарлик мавжуд бўлган ҳолатда 158-моддада ҳам бу ҳаракатлар учун жавобгарлик белгиланиши ўринли савол туғдириши мумкин: ҳақорат ва туҳмат учун жавобгарлик белгиловчи моддалар бир-бирини такрорламаяптими? Жавоб — йўқ. Бир қараганда бир хил ва айнан ўхшашдек кўринаётган бу моддалар бир қатор фарқли жиҳатларга эга. Хусусан:
Шуни таъкидлаш лозимки, Президент шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилганлик учун жавобгарлик омма олдида, матбуот ёки бошқа оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда тарқатилган материаллар Президентни шарманда қилувчи ёлғон маълумотлардан иборат бўлганда, унинг қадр-қимматини қасддан камситган тақдирдагина вужудга келади. Жиноят кодекси 158-моддаси 3-қисми Президент сиёсати, ҳаракатларини танқид қилганлик учун жавобгарликни назарда тутмайди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: