15:11 | 23.05.24

                       

Ҳоким ўринбосари, ИИБ ходими ва профилактика инспектори пора билан ушланди

ДХХ ҳоким ўринбосари, ИИБ ходими ва профилактика инспекторини пора билан қўлга тушди. Яна бир ходим 30 минг доллар олаётганда ушланган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Сирдарё, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида коррупцион ҳолатларга чек қўйилди.

Маълум қилинишича, Сирдарё вилоятининг Ховос тумани ҳокими ўринбосари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли ерларни ҳокимлик захирасига олмаслик, аксинча, суғориш ишларига шароит яратиб бериш ва фаолиятига ҳеч ким аралашмаслиги эвазига 20 минг доллар талаб қилган. У 1 000 доллар олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура ходимлари томонидан ушланган.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Тошкент вилоят филиалининг бўлим бошлиғи ва муҳандиси ўзаро тил бириктириб, Қибрай туманидаги қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонани 3 фазали электр тармоғига улаш ва трансформатор ўрнатиб бериш, шунингдек, бошқа техник ҳужжатларини тайёрлашда кўмаклашиш эвазига 39 минг доллар миқдорида пора талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Тошкент вилоят филиали муҳандиси сўралган пулдан 30 минг долларни олган вақтида ушланган.

Яна бир ҳолда Қашқадарё вилояти Қарши тумани ИИБ жиноят қидирув бўлинмаси катта тезкор ходимихизмат мавқейидан фойдаланиб, ўзининг иш юритувида бўлган терговга қадар текширув материали юзасидан якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш эвазига, тамагирлик йўли билан ундан 1500 доллар миқдорида пора талаб қилган ва олдиндан ушбу пул маблағи ҳисобидан 400 доллар олган.

У талаб қилинган пулдан яна 400 долларни олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Сергели тумани ИИО ФМБ 2-сонли ички ишлар бўлими профилактика инспектори 5 минг долларни пора сифатида олган вақтида ушланган.

Аниқланишича, бу пуд эвазига, ўзаро жанжал оқибатида хорижий фуқарога тан жароҳати етказгани бўйича маҳаллий фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатмасдан, ҳолатни маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида малакалашни ваъда қилган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, мазкур шахсларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: