11:36 | 31.01.24
Улардан бири фирибгарлик, иккинчиси растрата йўли билан талон-торож қилиш бўйича айбланган.
Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида қидирувдаги икки киши қўлга олинди, деб хабар бермоқда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, шу йилнинг 12 январ куни Истанбул шаҳрида фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда айбланиб, 2022 йилдан буён Ўзбекистон ИИВ томонидан қидирувда бўлган 59 ёшли Ф.Ш. ҳамда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш айби билан 2018 йилдан буён қидирувда бўлган 32 ёшли Х.М. қўлга олинган.
30 январ куни ушбу фуқаролар Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари иштирокида Истанбул аэропортидан Ўзбекистонга депортация қилинган.
«Мазкур шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролар Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Республикаси ИИВга мурожаат қилишлари сўралади», дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ саккиз йилдан бери қидирувда бўлган фирибгарликда айбланган 67 ёшли ўзбекистонлик аёл Туркиядан депортация қилинганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: