10:50 | 29.01.24

                       

Саккиз йилдан бери қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Туркиядан депортация қилинди

Фирибгарликда айбланиб қидирувга берилган 67 ёшли аёл Истанбул шаҳрида қўлга олинган.

Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистонинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси.

Тезкор тадбирда фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда айбланиб, 2016 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувда бўлган,1957 йилда туғилган Р.Х. жорий йилнинг 13 январ куни Истанбул шаҳрида қўлга олинган.

Фото: Ўзбекистонинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси

28 январ куни Р.Х. Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари иштирокида Истанбул халқаро аэропортидан Ўзбекистонга депортация қилинди.

«Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиш сўралади», дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланиб ушланган ўзбекистонлик икки аёл депортация қилингани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: