17:24 | 20.11.23

                       

Йўл бўйидаги мактаблар олдида махсус фото-видео воситалари ўрнатилади

Шунингдек, қоидабузарларни аниқлаш учун камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида ҳам ушбу қурилмадан фойдаланилади.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, Президент фармони билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Фото: Bugun.uz

«Автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга киритилган ўзгартиришга кўра, йўллар бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида ҳамда йўл-транспорт ҳодисалар ўчоқларида белгиланган тезликни ошириш, пиёдаларни ўтказмаслик ва фуқароларнинг йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтиши каби қоидабузарликларни аниқловчи махсус фото-видео қайд этиш воситалари ўрнатилади.

Шунингдек, «Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг 1-бандида назарда тутилган қуйидагилар 2024 йил 1 январдан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги тиббиёт ва фармацевтика ходимларига (махсус ва ҳарбий унвонга эга бўлган ходим ҳамда ҳарбий хизматчилардан ташқари) нисбатан ҳам татбиқ этилади:

ойлик лавозим маошлари:

  • олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 15 фоизга;
  • иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун — 10 фоизга;
  • тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун — 15 фоизга оширилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: