11:38 | 15.08.23
Туркиянинг Каппадокияси турли шакл ва ўлчамдаги ҳаво шарлари фестивалига мезбонлик қилди.
Туркиянинг «пери мўрилари» номли қоялари билан машҳур, сеҳрли ўлка дея таъриф берилган ҳудуди Каппадокия турли шакл ва ўлчамдаги ҳаво шарлари фестивалига мезбонлик қилди. Англия, Швецария, АҚШ, Германия, Франция, Белгия, Испания, Португалия, Словения, Македония, Люксембург ва Туркиядан 22 хил фигурали шарлар намойиш парвозларини амалга оширди. «Музқаймоқ», «Ўрдак», «Обеликс», «Саккизоёқ», «Фазо кемаси» ва «Турк байроғи» каби санъатшунослар томонидан махсус шакл ва тус бериган турли кўринишдаги ҳаво шарлари маҳаллий ва хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотди.
«Каппадокия ҳаво шарлари ва Маданият йўли фестивали» доирасида ўтказилган халқаро тадбирда эрта тонгдан бошланган тайёргарликлар ортидан шарлар бирин-кетин осмонга кўтарилди. Тажрибали учувчилар Каппадокия осмонида фестивал учун турли ранг ва намуналарда яратилган такрорланмас ҳаво шарларини маҳорат билан бошқарган бўлса, дунёда ягона бўлган «пери мўрилари»нинг мистик манзараларида шарларнинг рақси томошабинларни ҳайратга солди.
Туркия Маданият ва туризм вазирлиги томонидан 2021 йилдан бери уюштирилиб келинаётган Туркия Маданият йўналиши фестиваллари 5 август куни Каппадокияда бошланди. Дунёнинг энг қамровли маданият ва санъат лойиҳаларидан бири сифатида ташкил этилган Турк маданияти йўли фестиваллари бу йил 11 вилоятда ўтказилади. 5-13 август кунлари ўтказиладиган «Каппадокия ҳаво шари ва Маданият йўли» фестивали ортидан Туркиянинг Трабзон, Эрзурум, Чанаккале, Газиантеп, Анқара, Коня, Истанбул, Диярбакир, Измир ва Анталия вилоятларида фестиваллар навбат билан бўлиб ўтади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: