13:47 | 07.08.24

                       

Когон туман прокурори қамоққа олинди

Когон туман прокурори 200 доллар пора сўрагани учун қамоққа олинди.

Когон тумани прокурори 15 йилга қамалди. Бу ҳақда Bugun.uz манбалари хабар берди.

 

Қайд этилишича, судланувчи Б.Ғ. Когон тумани прокурори лавозимида ишлаб келган. У фирибгарлик йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритиш мақсадида, 2024 йил январь ойи бошларида ўзига аввалдан таниш бўлган судланувчи Н.Н. ва хавфли рецидивист бўлган З.А. билан жиноий тил бириктирган. Улар «Когон ёғ – экстракция заводи» АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича жамият таъсисчиларидан бири М.И.нинг ишончига кириб, жиноят иши доирасида унга нисбатан айблов эълон қилмаслик ва жиноий жавобгарлик масаласини ҳал этмаслик масаласини мансабдор шахслар орқали ҳал этиши мумкинлигини айтиб 100.000 АҚШ доллари миқдорида пора беришини талаб қилган.

Шундан сўнг, судланувчи Б.Ғ. 2024 йил 15 январь куни Бухоро шаҳрида жойлашган «Турон» меҳмонхонаси олдида М.И.ни танишлари Ш.Х. ва Ж.Р.лар орқали юборган 100.000 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини жиноий шериги Н.Н. орқали олган.

Шунингдек, судланувчи Б.Ғ. жиноий ҳаракатларини давом эттириб, мансаб мавқеидан фойдаланиб, судланувчи Н.Н. ва З.А. билан жиноий тил бириктириб, «Когон ёғ – экстракция заводи» АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича жамият таъсисчиларидан бири М.И.нинг ишончига кириб унга таниш бўлган тўрт нафар жамиятга алоқадор шахсларни терговга жалб қилмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига такроран 100.000 АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилиб, фирибгарлик йўли билан 44.000 АҚШ долларини 2024 йил январь ойида қўлга киритиб, шундан 10.000 АҚШ долларини З.А. олиб, қолган 34.000 АҚШ доллари Н.Н. келгусида Б.Ғ.га бериш учун ўзида сақлаб келган. Шундан сўнг, М.И.нинг 12.02.2024 йилда Б.Ғ., Н.Н. ва З.А.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб Давлат хавфсизлиги хизмати раиси номига ёзган аризаси юзасидан 2024 йил 13 февраль куни соат 22-00 ларда Бухоро шаҳар марказий касалхонаси ёнида ўтказилган тезкор тадбирда Б.Ғ. ариза муаллифи М.И. таниши Н.Н. орқали кимёвий ишлов берилган 56.000 АҚШ долларини олган вақтида далилий ашёлар билан ушланганлар.

Тезкор тадбир давомида, судланувчи Н.Н.нинг бошқарувидаги Cobalt русумли автомашинаси салонидан «Когон ёғ – экстракция заводи» АЖ жиноят иши бўйича жамиятга алоқадор тўрт нафар шахсларни терговга жалб қилмаслик эвазига сўралган 100.000 АҚШ доллари ҳисобидан М.И. томонидан берилган 34.000 АҚШ доллари мавжудлиги аниқланиб, тегишли тартибда баённома асосида олиб қўйилган.

Суд хулосасига кўра, Б.Ғ Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 28,211-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Б.Ғ нисбатан Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан Жиноят Кодексининг 45-моддасини қўлланилиб, 2 (икки) йил муддатга прокуратура органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 10 (ўн) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, Б.Ғ.га нисбатан Жиноят кодекси 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан Жиноят Кодекси 45-моддасини қўллаб, 2 (икки) йил муддатга прокуратура органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 14 (ўн тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Н.Н. эса Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 28,211-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 10 (ўн) йилга қамалган.

З.А.га нисбатан жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2023 йил 28 июль кунги ажримининг шартлилигини бекор қилиб, ўталмаган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини Жиноят Кодексининг 60,61-моддаси тартибида тайинланган жазога қисман қўшиб, узил-кесил ўташ учун 12 (ўн икки) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: