9:44 | 09.09.24
Тожикистон президенти янги «совуқ уруш» туфайли фуқароларни ватан ҳимоясига шай туришга чақирди.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 9 сентябрда нишонланадиган Тожикистон мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан фуқароларига табрик йўллади.
Унда президент глобал вазиятининг мураккаблашуви, янги «совуқ уруш», шиддат билан қуролланиш, шунингдек, терроризм ва экстремизм туфайли фуқароларни ҳушёр бўлишга ва ватан ҳимоясига шай туришга чақирди.
«Сўнгги 4-5 йил ичида дунёдаги вазият тобора мураккаблашиб бормоқда. Қуролланиш жараёнининг тезлашуви, ‘совуқ уруш’, замонавий дунёнинг таҳдид ва хавфлари, жумладан, терроризм ва экстремизм, кибержиноятлар ҳамда бошқа трансмиллий уюшган жиноятлар кун сайин кучайиб бормоқда.
Замонавий таҳдид ва хавф-хатарларнинг салбий таъсири, тилга олинган муаммолар жонажон Тожикистонимизга ҳам тегишли. Бундай нотинч замонда биз доим сергак ва мустақиллигимиз ҳамда эркинлигимизни ҳимоя қилишга тайёр туришимиз лозим, токи ғафлатда қолмайлик. Мамлакатимизда хавфсизлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш нафақат ҳукумат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири, балки ҳар бир ватанпарвар фуқаронинг биринчи даражали вазифасидир», деди у.
Шунингдек, Раҳмон ёшларда ватанпарварлик туйғусини кучайтириш учун уларни тожик халқининг анъаналари билан таништириш зарурлигини таъкидлади. У ҳукуматнинг ташаббусини эслатиб ўтди: ҳар бир оилага форс адабиёти классиги Абулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома» ва Тожикистон қаҳрамони Бобожон Ғафуровнинг «Тожиклар» китобини совға қилиш.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: