19:07 | 23.11.23

                       

Марказий Осиё минтақаси деградациянинг салбий таъсири натижасида 6 млрд доллар зарар кўрди

Экология вазирлиги ташаббуси билан Самарқандда илк бор ўтказилган БМТ конференцияси юқори савияда ташкил этилган.

Самарқанд шаҳрида БМТнинг чўлланиш тўғрисидаги конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Унда БМТ Бош котибининг ўринбосари, UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиау, вазирнинг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов, ташкилот бош котиби Ксения Скленлон, Сербия соғлиқни сақлаш институти бўлим бошлиғи  Билжана Килибарда хорижий делегатлар вакиллари иштирок этган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

«Биринчи марта конференция бундай юқори даражада ташкил этилди. Самарқанддаги тадбир кўлами, тадбирлар, кўтарилган мавзуларнинг долзарблиги билан ёдда қоладиган бўлди. Қолаверса, бу галги конференция иштирокчилар сони жиҳатидан ҳам энг яхшисига айланди. Биз миллионлаб инсонларнинг ҳаётини яхшилаш, долзарб экологик муаммолар, хусусан, қурғоқчилик, чўлланиш ва ерларнинг деградацияга учраши, чанг ва қум бўронларига қарши чора-тадбирларни муҳокама қилдик. Шу билан бирга, ўзбек халқининг меҳмондўстлигидан ҳам баҳраманд бўлдик»,- деган Тиау.

Беш кун давомида қатнашчилар ерни барқарор бошқариш, қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш, барқарор қишлоқ хўжалигида аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлаш, ер деградацияси ва унинг олдини олишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш ҳамда иқлим ўзгариши билан боғлиқ мажбурий миграцияга қарши курашишда стратегик мақсадларни амалга ошириш борасидаги муаммолар ва имкониятларни кўриб чиқган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

«CRIC-21 дунёда чанг ва қум бўронлари муаммоси кўтарилган илк глобал тадбирга айланди. Шунингдек, сессия давомида ерни барқарор бошқариш, қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш, барқарор қишлоқ хўжалигида аёллар етакчилигини қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалаларни муҳокама қилдик»,- деган вазир ўринбосари.

Учрашувда сўзга чиққан Билжана Килибарда эса кўтарилаётган мавзулар жуда долзарблиги, бу бўйича фикр алмашилганини таъкидлаган. Шунингдек, 2024 йил декабр ойида Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган 16-Томонлар Конференциясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган чанг ва қум бўронлари бўйича Самарқанд декларациясини кўриб чиқиш таклиф қилинган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, 2015 йилдан бери тахминан 4 миллион квадрат километр соғлом ва унумдор ерлар йўқолган. Бу эса тахминан Ўрта Осиё ҳажмига тенгдир.