22:38 | 09.11.23

                       

Мирзиёев қарзларини тўламаган баъзи кластерларни танқид қилди

Давлат раҳбари шунингдек, келгуси йилда фермерларга пахта етиштириш учун 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар берилишини айтган.

Президент матбуот котибининг хабар беришича, бугун, 9 ноябр куни Президент Мирзиёев раислигида пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида келгуси йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари айрим кластер ва фермерлар ўртасида ҳисоб-китоб интизоми бузилганини айтиб ўтган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, республикадаги 20 та кластерда ҳисоб-китоблар жойида бўлса, 122 та кластернинг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдида қарздорлиги мавжудлиги аниқланган. 27 та кластер эса фермерларга 2022 йил пахта ҳосилидан тегишли маблағларни тўлаб бермаганлиги, фермерларнинг ҳам кластерлар олдида қарзи борлиги таъкидланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда кластерларни ташкил этиш, улар билан фермерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланган.

Шунингдек, ҳар бир вилоятда янги кластерларга молиявий кўрсаткичлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва техника таъминоти бўйича талаблар қўйилиши айтилган. Бунда улар камида икки босқичли қайта ишлашни йўлга қўйган бўлиши шарт бўлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бундан ташқари, фермерларга бир вилоят ичидаги хоҳлаган кластери билан фьючерс шартномаси тузиши ва шартномадан ортган ҳосилни биржа орқали сотишига ҳам имконият яратилиши ҳамда келгуси йил ҳосили учун пахта етиштиришга 60 фоиз аванс кўринишидаги имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри фермерларга ажратилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтиши ва унда саккизта давлат ҳамда ҳукумат раҳбарларининг иштирок этиши айтилганди. Саммитда Шавкат Мирзиёев яна бир бор Фаластин-Исроил можаросига тўхталиб ўтди. Шунингдек, Президент дунё сиёсатида глобал қайта қурилиш содир бўлаётганини айтган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: