7:58 | 06.02.24

                       

Миср гепатитга қарши дориларнинг навбатдаги туркумини Ўзбекистонга юборди

Жами 12 дона қутида 6720 та дори Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан беморларга тақсимланади. Миср томони 2025 йилга қадар умумий қиймати 4,2 млн доллар бўлган жами 800 минг дона С гепатитига қарши дори воситаларини Ўзбекистонга тақдим этади.

Uzbekistan Airways Миср ҳукумати томонидан инсонпарварлик кўмаги сифатида ажратилган С гепатитига қарши «Софосбувир-400мг» дори воситасининг 2024 йилдаги учинчи туркумини Шарм аш-Шайхдан Тошкентга етказиб берди.

Фото: «Дунё»

«Дунё» ахборот агентлигининг ёзишича, жами 12 дона қутида 6720 та «Софосбувир-400мг» дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморларга тақсимланади.

Қоҳирадаги элчихонанинг маълум қилишича, Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги билан олиб борилган музокаралар натижасида мамлакат ҳукумати томонидан Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдам сифатида ажратилган С ва В гепатитига қарши дори воситаларининг жорий йилдаги навбатдаги туркуми юборилишига келишилган.

Унга кўра, Миср томони 2025 йилга қадар умумий қиймати 4,2 миллион доллар бўлган жами 800 минг дона (40 тоннага яқин) С гепатитига қарши «Даклатасвир» ва «Софосбувир» ҳамда В гепатитига қарши «Энтекавир» дори воситаларини инсонпарварлик кўмаги сифатида Ўзбекистонга тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, Миср ҳукумати мамлакатимизга 2023 йил давомида С ва В гепатитларига қарши умумий қиймати 696 минг долларга тенг бўлган дори воситаларини тақдим этган. Жумладан, 27 январь куни Миср ҳукумати томонидан С гепатитига қарши «Софосбувир-400мг» дори воситасининг навбатдаги партияси етказиб берилганди. Дори Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан шифоталаб беморларга тақсимланиши белгиланган.