16:55 | 11.02.24

                       

Миср Ўзбекистонга гепатит C га қарши дори воситаларининг навбатдаги партиясини юборди

Миср инсонпарварлик ёрдами сифатида C гепатитига қарши «Sofosbuvir-400mg» дори воситаларининг 2024 йилдаги навбатдаги партиясини юборди. Жами 12 та қутида 6 мингдан ортиқ дори воситалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти томонидан тарқатилади.

Мисрдан Ўзбекистонга гепатит C га қарши дори воситаларининг навбатдаги партияси етказилди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.

Ўзбекистон элчихонаси маълумотларига кўра, Миср ҳукумати билан 2025 йилгача гепатит C га қарши Daslatasvir ва Sofosbuvir ва Б гепатитига қарши Entekavir жами 800 минг дона (тахминан 40 тонна) дори воситаларини Ўзбекистонга бериш бўйича келишувга эришилган. 2023 йил давомида жами 696 минг долларлик ушбу дори воситаларининг бир қисми босқичма-босқич мамлакатимизга жўнатилди.

Келтирилишича, 10 февраль куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 2024 йилда тўртинчи бор Миср ҳукумати томонидан мамлакатимизга инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратилган гепатитга қарши «Sofosbuvir-400mg» препаратини Шарм ал-Шайхдан Тошкентга етказди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-тадқиқот институтида беморларга 12 қутида жами 6720 дона «Sofosbuvur-400mg» препарати берилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур инсонпарварлик акцияси Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 20-21 февраль кунлари Мисрга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларга мувофиқ амалга оширилмоқда. Гуманитар ёрдам гепатит билан касалланган беморларни қўллаб-қувватлаш ва уларни давлат ҳисобидан даволашга ёрдам беради.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: