12:56 | 14.01.24

                       

Наманганда 80 млн рублни Қирғизистонга ўтказмоқчи бўлган шахс ушланди – видео

Унинг бошқарувидаги Lacetti кўздан кечирилганда салондан полиэтилен қопларга жойлаштирилган пул маблағлари топилган.

Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда жуда кўп миқдордаги хорижий валюталарни ноқонуний равишда Қирғизистонга ўтказмоқчи бўлган шахс қўлга олинди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Хусусан, Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Ола-буқа тумани билан чегарадош бўлган Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи «ўзбек-қирғиз» давлат чегараси томон ҳаракатланаётган, Наманган шаҳрида яшовчи, 1990 й.т фуқаро бошқарувидаги Lacetti русумли автомашина тўхтатилган. Автомобиль кўздан кечирилганда, унинг салонида 3 дона полиэтилен қопларга жойлаштирилган жами 79 млн 994 минг 900 Россия рубли борлиги маълум бўлган.

Аниқланишича, ушбу шахс пулларни чегарадан ўтказиб бериши эвазига 300 АҚШ доллари олиши керак бўлган.

Ҳолат юзасидан мазкур фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 25,182-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада қарийб 600 минг долларни Қирғизистонга ўтказмоқчи бўлган шахслар қўлга олинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: