18:19 | 02.03.24

                       

Наманганда «Telegram»да сохта ҳавола яратиб, бошқаларнинг пулини ўғирлаган шахс ушланди

Наманганда «Telegram» орқали сохта ҳавола яратиб, бошқаларнинг пулини ўғирлаган шахс қўлга олинди. У ҳаволага банк картаси маълумотларини киритган фуқароларнинг банк карталари бошқарувини қўлга киритиб, улар ҳисобидаги пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олган ва ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Наманганда «Telegram» орқали сохта ҳавола яратиб, бошқаларнинг пулини ўғирлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Фарғона шаҳрида яшовчи 26 ёшли Ж.А. ИИОга мурожаат қилиб, ўзига тегишли бўлган банк картасидан номаълум шахс томонидан 11 500 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ечиб олинганлигини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Наманган вилояти, Наманган туманида яшовчи 24 ёшли Б.Ж. содир этганлиги аниқланди.

Унга кўра, Б.Ж. Интернет фойдаланувчиларига «Telegram» мессенжери орқали турли хил мазмунидаги ёлғон эълонлар остида сохта ҳавола жўнатиб келган. Алдовларга ишониб, сохта ҳаволага банк картаси маълумотларини киритган фуқароларнинг банк карталари бошқарувини қўлга киритиб, улар ҳисобидаги пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а,б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Б.Ж.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми а, б бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: