14:12 | 24.05.24

                       

Намангандан Қирғизистонга ноқонуний пул ўтказмоқчи бўлган эркак 5 йилга қамалди

Намангандан Қирғизистонга ноқонуний пул ўтказмоқчи бўлган эркак 5 йилга қамалди. У қарийб 80 млн рубль (885 600 доллар)ни олиб ўтмоқчи бўлган.

Қарийб 80 млн рублни Қирғизистонга ноқонуний ўтказмоқчи бўлган наманганлик эркакка ҳукм ўқилди.

Маълумотларга кўра, Наманган шаҳрида яшовчи 34 ёшли фуқаро 2023 йилнинг декабрида Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ола-буқа тумани билан чегарадош бўлган Янгиқўрғон туманидаги «ўзбек-қирғиз» давлат чегарасида ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.

«Унинг бошқарувидаги Lacetti тўхтатилиб кўздан кечирилганида машина салонида 3 дона полиэтилен қопларга жойлаштирилган жами 79 млн 994 минг 900 Россия рубли борлиги аниқланган. Пуллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Эркак валюта қимматликларини чегарадан ўтказиб бериши эвазига маълум миқдорда хизмат ҳақи олиши керак бўлган ва бундай ноқонуний ҳаракатни муқаддам 4 маротаба амалга оширган», — дейилади хабарда.

Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди томонидан ушбу шахс Жиноят кодексининг 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 28 (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 182-моддаси (Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: