15:14 | 27.06.22
Альянснинг амалга оширмоқчи бўлган режалари эълон қилинди
NATO Россиядан ҳимояланишга ва Украинага ҳарбий ёрдамни оширишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
Россиянинг Украинага бостириб киришининг бешинчи ойида NATO етакчилари Болтиқбўйи давлатлари ва Украинага ёрдам беришга ваъда бермоқда. Бундай қарор Мадриддаги уч кунлик саммитда қабул қилинади.
Шунингдек, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Финляндия ва Швециянинг NATO’га қўшилиш бўйича аризаларига қўйилган ветони бекор қилишга чақириш режалаштирилган. Дипломатлар альянс етакчилари Украинага ҳарбий ёрдамни ошириш, мудофаа учун қўшма харажатларни кўпайтириш, Хитойнинг ҳарбий кучайишига қарши курашиш ва Болтиқбўйи давлатларини ҳимоя қилиш учун қўшимча қўшинлар жойлаштириш борасида келишиб олишини айтган.
Бундан ташқари, Испания NATO’ни Африканинг Саҳел минтақасидаги миграция ва жангарилар билан курашиш учун жанубий қанотига кўпроқ эътибор қаратишга ундамоқда. Австралия, Янги Зеландия, Япония ва Жанубий Корея раҳбарлари АҚШнинг Хитойга қарши туриш учун Ҳинд-Тинч океанидаги Ғарб иштирокини кенгайтириш стратегиясининг бир қисми сифатида саммитда иштирок этиши кутилмоқда.
Германия, агар Россия NATO ҳудудини эгаллаб олишга уринса, Литвани ҳимоя қилиш учун қўшимча қўшинлар тайёрлашини аллақачон маълум қилган. Буюк Британия Эстония учун ҳам шундай қилиши кутилмоқда, Латвия эса Канада уларга қўшимча қўшинлар етказиб беришини кутмоқда.
Аввалроқ NATO бош котиби Россия билан муносабатларга ойдинлик киритганди. Шунингдек, Сергей Лавров Европа Иттифоқи ва NATO Россияга қарши коалиция тузаётганини маълум қилганди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: