8:11 | 27.05.24

                       

Навоийда ноқонуний балиқ овлаган шахс қўлга олинди

Навоийда ноқонуний балиқ овлаган шахс қўлга олинди. У табиатга 1 миллиарддан ортиқ зарар етказган.

Экология вазирлиги матбуот хизмати ноқонуний балиқ овлаш натижасида табиатга 1 миллиарддан ортиқ зарар етказилганини маълум қилди.

Қайд қилинишича, Навоий вилояти Экология бошқармаси Конимех туман бўлими давлат инспекторлари томонидан навбатдаги назорат рейд тадбири ўтказилди.

Натижада, Конимех туманнинг «Шўркўл» МФЙ ҳудудида фуқаро Й.О. томонидан 5000 метрлик синтетик тўр ёрдамида табиий сув ҳавзаси ҳудудида 218 бош балиқ ноқонуний овланганлиги аниқланди. Натижада табиатга 1 миллиард 240 миллион 300 минг сўм зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 90-моддаси (Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Етказилган зарарни ундириш ва тегишли чора кўриш мақсадида тўпланган ҳужжатлар суд органларига юборилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлдаги «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги 627-сонли Қонунига асосан, 10 мартдан бошлаб республикамизнинг барча ҳудудларидаги табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш тақиқланган. Балиқларнинг уруғ қўйиш мавсуми давомида Амударё ва Сирдарё сув ҳавзаларида 10 мартдан 31 майга қадар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти сув ҳавзаларида 25 апрелдан 10 июнга қадар ва бошқа барча сув ҳавзаларида 16 апрелдан 31 майга қадар балиқ овлаш мумкин эмас.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: