19:18 | 23.06.23

                       

Қўқон бозоридаги жанжаллашувда 14 ёшли бола жароҳатланди

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Қўқон бозорида самосуд бўлганлиги ҳақидаги видеохабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 21 июн куни Қўқон шаҳридаги кийим-кечак бозори ҳудудида жойлашган «Саларан» номли савдо дўкони иш бошқарувчиси, 1990 йилда туғилган З.Ж. мазкур дўкон рўпарасида савдо билан шуғулланаётган эр-хотин, 1982 йилда туғилган И.К. ва 1988 йилда туғилган М.А.ларга дўкон олдида савдо қилмасликларини айтиб, бир-бирларини хақорат қилишлари натижасида ўрталарида жанжал келиб чиққанлиги айтилди.

Мазкур тартиббузарликка шу ерда бўлган ҳар икки тарафнинг қариндошлари ҳам қўшилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, 22 июн, эртаси куни «Саларан» савдо дўкони раҳбари 1989 йилда туғилган М.И. ва унинг икки нафар шериклари С.Ж. ва Х.П.лар дўкон олдида болалар кийими савдоси билан шуғулланаётган фуқаро, 1976 йилда туғилган Н.А. ва унинг вояга етмаган ўғли, 2009 йилда туғилган М.А.ни дўконга кирувчи харидорларни йўлини тўсиб қўйганлигини важ қилиб, жанжал уюштиришган ҳамда вояга етмаган М.А.га тан жароҳати етказишгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан ЖКнинг 277-моддаcи 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тартиббузарликка алоқадор барча фуқароларнинг шахслари аниқланган ва терговга жалб этилган. Шунингдек, вояга етмаган М.А.га нисбатан етказилган тан жароҳатлари юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: