11:20 | 20.12.23

                       

Қорақалпоғистонда бир оиланинг 5 аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди

Оиланинг 7 нафар аъзоси қўшнилари томонидан ҳушсиз ҳолда топилган, омон қолган икки киши оғир аҳволдалиги билдирилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати Bugun.uz‘га маълум қилишича, шу йилнинг 15 декабр куни соат 11:45 ларда Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманидаги «Кеңес» ОФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро ва унинг 6 нафар оила аъзолари ҳушсиз ҳолда топилган.

Хонадон аъзоларини қўшнилари топишган ва зудлик билан тиббий ёрдам шифокорларини чақиришган. Текширув ўтказилиб, хонадонда яшаган 1957 йилда туғилган М.Б , 1961 йилда туғилган З.М., 1986 йилда туғилган С.Б., 2008 йил туғилган А.А. ва 2011 йилда туғилган М.А. вафот этгани аниқланган.

Шунингдек, хонадоннинг бошқа икки нафар аъзоси – 1995 йилда туғилган Т.О. ҳамда 2000 йилда туғилган А.Б. оғир аҳволда туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Терговга қадар текширув ҳаракатларида ушбу ҳолатда ис газидан заҳарланиш аломатлари ҳамда уйнинг иситувчи қозонхонаси уй ичида ёниб тургани аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича Чимбой туман прокуратураси суд-тиббиёт экспертизасини тайинлаб, терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб бормоқда ва ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида содир бўлган ёнғинда аёл ва унинг икки қизи вафот этгани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: