10:50 | 19.12.23

                       

Яшнободда ёнғин оқибатида аёл ва унинг икки қизи ҳалок бўлди (фото+видео)

Bugun.uz ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини аниқлади. Шунингдек, ҳодисадан кейинги ёнғин оқибатлари бўйича тасвирларни эълон қиламиз.

Bugun.uz маълумотларига кўра, Тошкент шаҳар Яшнобод туманида бир хонадонда ёнғин келиб чиқиши оқибатида 28 ёшли аёл ва унинг икки нафар қизи (8 ва 5 ёшли) вафот этган.

Ёнғин газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида юзага келган ва уй тўлиқ ёниб кетган.

Бош Прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Bugun.uzʼга берган маълумотига кўра, ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИБ Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатган.

Шунингдек, биздаги маълумотларга кўра, яна бир нафар бола куйиш аломатлари билан касалхонага ётқизилган бўлиши мумкин. Аммо бу маълумот ҳозирча тасдиқлангани йўқ ва боланинг шахсини аниқлашнинг имкони бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Сергели туманидаги омборхонада ёнғин содир бўлиб, уни ўчиришга қарийб саккиз соат вақт сарфланганди. Ёнғиндан жабрланганлар сони 163 нафарни ташкил этиб, уларнинг асосий қисмига аҳволи яхшилангани учун уйига жавоб берилганди. Аммо, ҳодиса оқибатида 2006 йилда туғилган мактаб ўқувчиси ҳалок бўлганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: