18:46 | 23.01.24
3-тур доирасида кечган баҳсларда терма жамоа Б гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади.
Бугун, 23 январ куни Тошкент вақти билан 16:30 да Қатарнинг Доҳа шаҳридаги «Ал-Жануб» стадионида футбол бўйича Австралия ва Ўзбекистон терма жамоаларининг Осиё Кубоги – 2023 баҳсларидаги ўйини бўлиб ўтди.
Б гуруҳнинг ушбу иккала жамоалари ўртасида кечган ўйиннинг 45-дақиқасида (45+7) Австралия футболчиси Бойл пеналти эвазига ҳисобни очди. Австралия ҳужумини якунлаб бўлганди. Аммо япониялик ҳакам VAR’га мурожаат қилиб Одил Ҳамробековнинг таянч қўлига билинар-билинмас теккан тўп эвазига Ўзбекистон терма жамоа дарвозасига пеналти берилди — 1:0.
Учрашувнинг 59-дақиқаси якунлаб қолгач, Жалолиддин Машариповнинг узатмасини Умар Эшмуродов голга айлантирди. Бироқ, ўйиндан ташқари ҳолат юзага келгани боис ҳисоб ўзгармади.
Ўйиннинг иккинчи бўлимида заҳирадан майдонга тушган Азизбек Турғунбоев Австралия дарвозасига тарихий биринчи голни киритишга муваффақ бўлди. Ҳисоб тенглашди— 1:1.
Осиё Кубоги Б гуруҳида сўнгги тур баҳслари якунланди ва Ўзбекистон (5) Австралияга (7) қарши дуранг ўйнаб, 2-ўрин билан 1/8 финалга йўлланма олди.
Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Сурия (4) Ҳиндистонни (0) мағлуб этиб, энг яхши 3-ўрин соҳиблари қаторида плей-оффга чиқди. Ўзбекистон нимчоракфиналда Ф гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоа — Саудия Арабистони ёки Таиландга қарши майдонга тушади. Беллашув 30 январ куни бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси шу пайтга қадар Австралия терма жамоаси дарвозасига биронта ҳам гол кирита олмаган.
2008 йил Ўзбекистон — Австралия 0:1
2009 йил Австралия — Ўзбекистон 2:0
2011 йил Ўзбекистон — Австралия 0:6
2019 йил Австралия — Ўзбекистон 0:0 (пен — 4:2)
2024 йилда Австралия — Ўзбекистон 1:1.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: