19:35 | 03.07.24

                       

Остонада Мирзиёев Си Цзиньпин билан учрашди

Остонада Мирзиёев Си Цзиньпин билан учрашди. Учрашув давомида стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича сўз борган (фото).

Ўзбекистон ва Хитой етакчилари барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, Остона шаҳрига амалий ташриф доирасида 3 июль куни Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Хитой Раисига Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлаётгани ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди. Етакчилар кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан ютуқларга эришилганини таъкидладилар.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойида Хитойга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ҳукуматлар, парламентлар, ташқи сиёсат ва тармоқ идоралари даражасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди.

Йил якунига қадар Ташқи ишлар вазирлари стратегик мулоқотининг иккинчи йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилган. Яқин кунларда Хитой парламентининг юқори даражадаги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етди. Яқин истиқболда бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш имкониятлари қайд этилди.

Инвестиция лойиҳаларининг жорий портфели 50 миллиард доллардан ошган. Шу йил бошидан буён мамлакатимизда 3 миллиард доллардан зиёд Хитой сармояси ўзлаштирилиб, 500 дан ортиқ янги қўшма корхона ташкил этилди. Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва “яшил” энергетика соҳаларида стратегик ҳамкорлик дастурларини қабул қилишни жадаллаштиришга келишиб олинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Яқинда Жиззах вилоятида Ўзбекистон-Хитой технопарки ишга туширилгани ва минтақамизда биринчи бўлиб “BYD” электромобиллари ишлаб чиқарила бошлангани мамнуният билан қайд этилди. Хитойнинг етакчи молиявий тузилмалари билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Хусусан, “Ипак йўли” жамғармаси билан инвестиция платформаси яратилди, Хитой Эксимбанки кўмагида пойтахтимизда Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланмоқда. Ушбу банкнинг Тошкент шаҳрида ҳудудий филиали очилиши кутилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашгани юқори баҳоланди. Йил бошидан буён мамлакатимизнинг барча ҳудудлари раҳбарлари бир неча бор Хитойга ташриф буюрди, Шинжон-Уйғур автоном райони, Анхой, Цзянси, Цзянсу, Чжэцзян, Шандун, Шэнси ва Шанхай музофотлари делегациялари Ўзбекистонда бўлди. Пекин, Урумчи ва бошқа бир қатор шаҳарларда савдо уйлари очилди. Келгуси йилда иккинчи Ҳудудлар форуми ўтказилиши белгилаб олинди.

Президент ХХР Раисини камбағалликка қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлади. Бу муҳим йўналишда тажриба алмашиш бўйича узоқ муддатли дастур қабул қилиш таклифи билдирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва минтақани ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга бўлган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлиги таъкидланди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон томонининг “ягона Хитой” сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позицияси ўзгармас экани тасдиқланди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, “Марказий Осиё – Хитой” формати ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин ҳамкорлик давом эттирилади. Давлат раҳбари ХХР етакчисига ШҲТга раислик даврида катта муваффақиятлар тилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Туризм, илм-фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ва хитой тилини ўрганиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Яқинда Тошкентда Марказий Осиёдаги Конфуций институтлари форуми бўлиб ўтади. Мамлакатимизда ХХР олий ўқув юртлари филиалларини очиш, Хитойнинг профессионал таълим тизими – “Лу Бан устахонаси”ни кенг жорий этиш режалари белгиланди. Иккинчи Таълим форумини келгуси йилда ўтказиш таклифи билдирилди. Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти ХХР Раисини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув ҳар доимгидек ўзаро ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: