22:17 | 13.02.24

                       

Ўзбекистон ҳудудлари учун истиқболли экспорт бозорлари аниқланди

Ҳудудларда транспорт ва экспорт инфратузилмасининг ушбу потенциал бозорларга чиқиш учун мослаштирилиши, экспортчи корхоналарга яқиндан консультатив ва молиявий кўмак берилиши экспорт кўламининг ошиши, самарадорликнинг яхшиланиши, инновацион фаолиятнинг жадаллашиши, аҳоли турмуш даражасининг ошишига хизмат қилади.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Ўзбекистон ҳудудлари учун истиқболли экспорт бозорлари аниқланди.

Фото: «Bugun.uz»

Тадқиқот натижаларига кўра, 2023 йил 4-чоракда Малайзия, Саудия Арабистони, Сингапур, Испания, Ҳиндистон, Таиланд, Германия каби мамлакатларда мева-сабзавотлар ҳамда улардан тайёрланган турли хил қиём ва шарбатларга бўлган талаб юқори бўлди.

Ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Наманган, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси яхши имкониятга эга бўлиб, қайд этилган мамлакатларга экспортни доимий равишда йўлга қўйиш мазкур ҳудудларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга хизмат қилади. 2023 йилда жами 1,1 миллиард доллар миқдорида сабзавотлар (563,4 миллион доллар) ва мевалар (547,6 миллион доллар) экспорт қилинган.

Ип-газлама, кийимлар, кимёвий тола, гилам ва тери маҳсулотларига бўлган талаб Ҳиндистон, Индонезия, Германия, Буюк Британия, Франция, Нидерландия, Япония, БАА, АҚШ давлатларида юқори эканлиги аниқланди. Ушбу товарларни экспорт қилишда нисбий устунликка эга бўлган Наманган, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Хоразм, Бухоро вилоятларидаги тадбиркорлар учун мазкур бозорларга чиқиш имкониятлари мавжуд.

2023 йилда Ўзбекистоннинг тўқимачилик материаллари ва маҳсулотлари экспорти 3,17 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистон ўғитлар, кимёвий маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ҳам нисбий устунликка эга бўлиб, мазкур маҳсулотларга асосан Германия, Греция, Гонг Конг, Филиппин, Сингапур, АҚШ, Япония, БАА, Туркия, Австралия, Буюк Британия давлатларида талаб юқори.

Фарғона ва Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри тадбиркорлари ушбу маҳсулотларни нисбатан пастроқ харажатлар эвазига экспорт қилиши мумкин. 2023 йилда ўғитлар экспорти 337 миллион долларни ташкил қилди. Ҳиндистон, АҚШ, Германия, Нидерландия, Италия, БАА, Корея Республикаси, Вьетнам мамлакатларидаги кўпгина буюртмачиларга қурилиш материаллари, рух маҳсулотлари ва мис маҳсулотлари зарур эканлиги аниқланди.

Ҳудудий RCA индексига кўра, ушбу маҳсулотларни экспорт қилиш Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб борувчи тадбиркорларга тавсия этилади. Ҳудудларда транспорт ва экспорт инфратузилмасининг ушбу потенциал бозорларга чиқиш учун мослаштирилиши, экспортчи корхоналарга яқиндан консультатив ва молиявий кўмак берилиши экспорт кўламининг ошиши, самарадорликнинг яхшиланиши, инновацион фаолиятнинг жадаллашиши, аҳоли турмуш даражасининг ошишига хизмат қилади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: