20:11 | 02.02.24
Олмаотада бўлиб ўтган форумда рақамли технологияларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Олмаота шаҳрида 2 февраль куни ҳар йили анъанавий ўтказиб келинаётган «Digital Almaty 2024: Х индустрияси» форуми бўлиб ўтди.
Ишчи ташриф билан Қозоғистон Республикасида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегацияси вакиллари ушбу форумда иштирок этди.
Форумда, шунингдек, Россия Федерацияси ҳукумати раиси М.Мишустин, Беларус Республикаси бош вазири Р.Головченко, Қозоғистон Республикаси бош вазири А.Смаилов, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари А.Касималиев қатнашди.
Тадбирда таъкидланишича, бугунги кунда рақамли иқтисодиёт инсон фаолияти барча соҳаларда жадал ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда, глобал ривожланишнинг асосий омилига айланди. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам рақамли технологияларни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йили тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида ҳам 2030 йилгача рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш бўйича қатор устувор йўналишлар белгиланган.
Ўзбекистон бош вазири мазкур стратегия доирасида давлат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг амалий натижалари ҳақида форум иштирокчиларига сўзлаб берди.
Қайд этилишича, келгуси йилларда IT хизматлар экспорти жадал ўсиши учун қулай муҳит яратиш, Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очаётган хорижий компанияларни ҳамда маҳаллий IT компанияларни ташқи бозорларга чиқишда қўллаб-қувватлаш, давлат хизматларининг самарадорлиги ва фуқаролар учун қулайлигини ошириш сингари кўплаб устувор вазифа ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Таълим, молия, божхона, қишлоқ хўжалиги, энергетика, геология ва бошқа соҳаларни рақамлаштириш доирасида 100 дан ортиқ ахборот тизимлари ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинди. Масалан, 370 та божхона амалиёти рақамлаштирилгани туфайли ҳужжатларни кўриб чиқиш вақти 3 соатдан бир неча дақиқагача қисқартирилди.
Бундан ташқари, «Менинг шахсий гувоҳномам» биометрик рақамли идентификация платформаси муваффақиятли ишламоқда. Солиқ ва божхона маъмуриятчилигида «хавф-хатарларни таҳлил қилиш» интеллектуал тизими жорий этилган. Ўзбекистонда ёшларнинг IT стартапларини қўллаб-қувватлашга қаратилган, умумий соврин жамғармаси 1 миллион АҚШ доллари бўлган «President Tech Award» танловини ўтказиш йўлга қўйилгани форум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Форумда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали янги технологияларни жорий этиш мамлакатларимизнинг жадал рақамли ривожланишига хизмат қилиши таъкидланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон томони сунъий интеллект соҳасида технологиялар ва билим алмашиш учун минтақавий эксперт платформасини яратишни таклиф этди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши ва рақамли форумда иштирок этиш учун 2 февраль куни Олмаота шаҳрига ташриф буюрган. Ташриф доирасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов раислигида икки мамлакат ҳукуматлари делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: