18:29 | 30.01.24

                       

Ўзбекистон Тайланд устидан 2:1 ҳисобида ғалабага эришиб, чорак финалга йўл олди

Чорак финал босқичида мезбон Қатар билан баҳс олиб борилади.

Қатарда бўлиб ўтаётган Осиё кубоги-2024 мусобақасининг нимчорак финал баҳслари доирасида Таиланд миллий терма жамоасига қарши баҳс олиб борган Ўзбекистон терма жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўйин олдидан жамоанинг етакчиларидан бири Отабек Шукуровнинг тоби қочгани сабабли ўйинга туша олмаслиги маълум қилинганди. Шунга қарамасдан унинг ўрнини жамоадошлари деярли билинтирмади.

Ўйиннинг ҳар икки таймида «оқ бўрилар» устунликни намойиш этишди ва кўпгина вазиятларга эга бўлишди. Ўйиннинг 37-дақиқасида Азиз Турғунбоев Тайланд дарвозасига тўп киритиб, терма жамоани олдинга олиб чиқди. Иккинчи таймнинг 58-дақиқасида Тайланд футболчиси Сарачат мувозанатни тенглаштирди. Аммо Аббосбек Файзулаевнинг 65-дақиқасидаги голи эвазига ғалаба учун имкониятини мустаҳкамлади. Шу тариқа ўйин 2:1 ҳисобидаги Ўзбекистоннинг ғалабаси билан якунланди.

Ўзбекистоннинг чорак финал босқичидаги рақиби Қатар бўлиб, мезбонлар нимчорак финал баҳсида Фаластин устидан 2:0 ҳисобида зафар қучган. Ўзбекистон ҳамда Қатар ўртасидаги ярим финал иштирокчисини аниқлаб берадиган баҳс 3 февраль куни Тошкент вақти билан соат 20:30 да бўлиб ўтади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: