21:08 | 10.03.24

                       

Ўзбекистон ва Қатар прокуратура органлари ўртасида ҳамкорлик кенгаяди

Томонлар прокуратура органлари вакилларининг 2024 йилда ўзаро ташрифларини ташкил этиш, тажриба алмашиш ва қўшма тадбирларни уюштириш тўғрисида келишиб олди.

Ўзбекистон элчиси Ашраф Ходжаев Қатар бош прокурори Ийса бин Саад ал-Жафарий ал-Нуаймий билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Суҳбат чоғида Қатар томони икки мамлакат давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин дўстлик ва биродарлик алоқалари ўрнатилганини алоҳида таъкидлади. Шу ўринда, барча соҳалар, шу жумладан прокуратура органлари ўртасида ҳам алоқаларни янада ривожлантириш ва кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги мамлакатимиз делегациянинг жорий йил 21-25 январь кунлари Дохага амалга оширган ташрифи самарали кечгани алоҳида қайд этилди.

Бош прокурор Қатар Амири томонидан таъсис этилган «Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофоти»нинг тантанали тақдирлаш маросими 2023 йил 19 декабрь куни Тошкентда юксак даражада ташкил этилгани учун ўзбек томонига миннатдорлик билдирди.

Учрашув сўнгида томонлар прокуратура органлари вакилларининг 2024 йилда ўзаро ташрифларини ташкил этиш, тажриба алмашиш ва қўшма тадбирларни уюштириш тўғрисида келишиб олди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: