9:17 | 02.02.24

                       

Ўзбекистонда IT ўқув марказларига субсидиялар ажратилиши режалаштирилмоқда

Бунинг учун нодавлат таълим ташкилотлари битирувчиси IT хизматларни экспорт қилувчи ташкилотга ишга жойлашиши керак бўлади.

«Рақамлаштириш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Рақамли технологиялар соҳасида замонавий билимлар олишни рағбатлантириш, ушбу йўналишда фаолият юритувчи ёш кадрларнинг хорижий тилларни билиш кўникмаларини ошириш, меҳнат бозорида IT хизматлар экспорти соҳасида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, мазкур йўналишдаги нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

2024 йил 1 мартдан бошлаб:

  • нодавлат таълим ташкилотларига битирувчиси IT хизматларни экспорт қилувчи ташкилотга ишга жойлашганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача, ногиронлиги бўлган ёш битирувчиси бундай ташкилотга ишга жойлашган ҳолларда эса 105 бараваригача бир марталик субсидия ажратиш тизимини назарда тутувчи дастур;
  • халқаро IT сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш тартиби;
  • инглиз тилида B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IT сертификатлар олиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

Шу билан бирга, субсидия битирувчиси IT хизматлар экспорти соҳасида талаб юқори бўлган ўқув йўналишлари бўйича таҳсил олган ҳамда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резиденти мақомига эга бўлган IT хизматларни экспорт қилувчи ташкилотларга ишга қабул қилинган нодавлат таълим ташкилотларига ўрнатиладиган мезонларга мувофиқ ажратилади.

Шунингдек, субсидия олиш ҳамда халқаро IT сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ва ушбу сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматлари Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бепул кўрсатилиши белгиланди.

Нодавлат таълим ташкилотларининг ўқувчиларини рўйхатга олиш, Ягона портал орқали келиб тушган аризаларни кўриб чиқиш ва натижаларини эълон қилиш билан боғлиқ жараёнлар Рақамли технологиялар вазирлигининг махсус ахборот тизими орқали амалга оширилади. Шунингдек, ҳар бир битирувчи учун ажратиладиган субсидия Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Халқаро IT сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини ва инглиз тилида B2 даражасига эга бўлган ёшларнинг халқаро IT сертификатларни олиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қарорга мувофиқ, вазирликнинг махсус ахборот тизими ҳамда расмий веб-сайтида дастур доирасида республика ва ҳудудлар кесимида нодавлат таълим ташкилотларининг онлайн тарзда янгилаб бориладиган рейтинги шакллантирилишини назарда тутувчи модул ишга туширилиши ҳам белгиланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: