12:20 | 07.08.24
Ўзбекистонда сохта маркировкали товарлар савдоси билан шуғулланганлар жиноий жавобгарликка тортилади.
Ўзбекистонда «Мажбурий рақамли маркировкалаш лозим бўлган товарларнинг чакана савдосини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2024 йил 1 сентябрга қадар алкоголь, тамаки ва пиво маҳсулотлари, маиший техника ва дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларининг «Асл белгиси» миллий ахборот тизимидан рўйхатдан ўтгани ва рақамли маркировкалаш талабларига риоя этилаётгани назоратга олинади.
Солиқ қўмитаси 2026 йил 1 августга қадар қалбаки рақамли маркировкаланган ёки контрафакт маҳсулотларни импорт қилувчи, ишлаб чиқарувчи ҳамда улгуржи ва чакана реализация қилувчи субъектларга нисбатан мазкур маҳсулотларни мусодара қилган ҳолда, жиноий жавобгарликка тортиш норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.
Қўмитанинг белгиланган умумий штат бирликлари доирасида 7 та штат бирлигидан иборат алоҳида тузилма ташкил этилади ҳамда рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш, яширин ишлаб чиқариш фаолияти ва қалбаки товарлар тарқалишига қарши курашиш орқали солиқ тушумларини тўлиқ таъминлаш мазкур тузилманинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланади.
Шунингдек, 2024 йил 1 ноябрга қадар рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларнинг улгуржи савдосини фақат нақд пульсиз шаклда сотиш талабини белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, 2024 йил 1 декабргача эса «Савдо тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим.
Маркетплейслар учун маркировка қоидаларини бузганлик учун жазо чораларини жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, июнда имзоланган президент қарорига кўра, мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маҳсулотларни маркировкалаш учун зарур бўлган ва импорт қилинадиган ускуналар 2024 йил 1 июндан 2027 йил 1 июнгача божхона божидан озод қилинди.
2024 йил 1-центябрдан пиво маҳсулотларининг чакана савдоси фаолияти ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхатига киритилади. Тамаки ва пиво маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун БҲМнинг 10 фоизи миқдоридаги ҳар ойлик йиғим жорий этилади.
Маълумот ўрнида, рақамли маркировкалаш — бу маҳсулот ҳақидаги маълумотларни электрон базада сақлайдиган товарларни қадоқлаш учун махсус Дата Матрих кодини қўллашдир. Натижада ҳар бир киши товар сифатини текшириш ва кузатиш имкониятига эга бўлади. Шу мақсадда истеъмолчиларга сифатсиз маҳсулотлар ҳақида хабар бериш ва керакли маълумотларни олиш имконини берувчи «Асл белгиси» мобил дастури яратилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: