20:12 | 29.05.24

                       

Ўзбекистонда мажбурий автосуғурта нархи ошиши мумкин

Ўзбекистонда мажбурий автосуғурта нархи ошиши мумкин.

Ўзбекистонда мажбурий автосуғурта тарифи миқдорини қайта кўриб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича 2019 йилда тасдиқланган суғурта тарифи миқдорини қайта кўриб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.

Сўнги йилларда суғурта ташкилотлари томонидан суғурта товонларини ўз вақтида тўланмаётганлиги ҳамда тўланиши мумкин бўлган максимал миқдор автотранспортга етказилган зарарларни қоплашга етарли бўлмаётганлиги бўйича транспорт воситалари эгаларининг мурожаатлари сони ортиб бормоқда.

Таҳлилларга асосан 2019 йилда тасдиқланган 56 минг сўмлик суғурта мукофоти миқдори суғурта ташкилотлари учун зарарларни қоплашга етарли бўлмагани сабабли турли хил йўллар билан тўловлар кечиктириб келинмоқда.

Маълумот учун: 2023 йилда Тошкент шахрида зарарлилик даражаси 146 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб барқарор белгиланган 40 миллион сўм суғурта суммаси йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланувчиларга етказилган зарарлар бўйича харажатларини етарли даражада қоплашга имкон бермай қолди.

Жахон банкининг статистикасига асосан, Ўзбекистонда истеъмол нархи индекси охирги 5 йил давомида 160 фоизга ошган, бундан ташқари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўсиши 265 фоизни ташкил этган, базавий ҳисоблаш миқдори эса 168 фоиз ўсиш динамикасини кўрсатган.

Шу билан бир қаторда, республикада белгиланган суғурта пули ва суғурта мукофоти хозирда яқин қўшни давлатлар ҳамда чет эл давлатлар билан солиштирганда энг кам кўрсаткични ташкил этади.

Мазкур муаммони ечими сифатида асосли ҳисоб-китоблар натижасида, яъни транспорт воситалари эгалари ва суғурта ташкилотлари учун мақбул суғурта тарифлари ва суғурта суммасини белгилаш режалаштирилмоқда.

«Янги суғурта тарифлари ва суғурта суммасини белгилаш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларингизни Napp_connect_bot Telegram ботига юборишингизни сўраймиз», — дейилади хабарида.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: