14:29 | 07.03.24

                       

Ўзбекистонда «Мўътабар аёл» кўкрак нишони кимларга берилиши маълум бўлди

Ўзбекистонда «Мўътабар аёл» кўкрак нишони кимларга берилиши маълум бўлди. Адлия вазирлиги ушбу нишон жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган аёлларга ҳам берилишини айтди

Қонунчиликка кўра, «Мўътабар аёл» кўкрак нишони таъсис этилган бўлиб, мазкур кўкрак нишони билан қуйидаги хотин-қизлар тақдирланиши белгиланган:

  • жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган;
  • ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган;
  • соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг «Мўътабар аёл» кўкрак нишонини 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида топширилади. Ушбу нишон билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси Ҳайъатининг қарори асосида амалга оширилади.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари кўкрак нишонига тавсия қилинаётган номзодларни ҳар томонлама ўрганиб, уларнинг фаолиятига оид барча ҳужжатларни тегишли йиғилиш қарорлари асосида ҳар йили 25 январга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаларига тақдим этадилар.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: