22:43 | 01.02.24

                       

Ўзбекистонда ўқувчилар учун space camp оромгоҳи ташкил этилади

Унда 9–15 ёшдаги 80 нафар иқтидорли ўсмирлар ўқитилиши мақсад қилинмоқда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 1 февраль куни Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги («Ўзбеккосмос») томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ахборот хизмати

Унда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Қайд этилишича, космик суратлар ва қайта ишланган маълумотлар истеъмолчиси бўлган вазирлик ва идоралар 15 тадан ортиб, соҳаларда 20 тадан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган.

«10 дан ортиқ геоплатформалар яратилди. Шунингдек, 726 минг км.кв космик суратларни қайта ишлаш орқали геология, ер муносабатлари, экология, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, сув хўжалиги, сейсмология соҳаларида давлат космик мониторинги амалга оширилди», — дейди «Ўзбеккосмос» агентлиги бўлим бошлиғи Муҳиддин Ибрагимов.

Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш доирасида 2023 йил 25 апрелда Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг космик агентликлари раҳбарларининг иккинчи йиғилиши ўтказилди. Дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 250 дан зиёд космик корпорациялар, агентлик ва қўмиталар вакиллари иштирокида «Space Technology Conference STC-2023» халқаро конференцияси бўлиб ўтган,

Тадбир доирасида келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар, режалар хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, космик соҳага ёш авлодни қизиқтириш ва космик соҳанинг жозибадорлигини тарғиб қилиш, Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари учун space camp лагерини ташкил этиш ва 80 та 9-15 ёшгача бўлган иқтидорли ўсмирларини ўқитиш мақсад қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: