21:26 | 12.02.24

                       

Ўзбекистонда қўриқланадиган табиий ҳудудлар сони уч каррага оширилди

Шавкат Мирзиёев БМТ томонлар конференциясининг 14-йиғилиши иштирокчиларига йўллаган табригида қисқа муддатда кўчиб юрувчи турларни ишончли ҳимоя қилишни таъминловчи қўриқланадиган табиий ҳудудлар уч каррага оширилиб, мамлакат умумий майдонининг 14 фоизига етказилганини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси томонлар конференциясининг 14-йиғилиши иштирокчиларига табрик йўллади.

Ўзбекистонда кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонлар турларини сақлашга катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий базаси такомиллаштирилди, янги қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди ва уларнинг самарали ижроси таъминланмоқда. Давлат бошқарув органлари, бизнес ва фуқаролик жамиятларининг ижтимоий масъулиятини оширишни қамраб олган институционал тизим мустаҳкамланмоқда.

Мазкур соҳада фундаментал ва амалий тадқиқотларнинг энг илғор мактаби бўлган Фанлар академиясининг Зоология институти ўз фаолиятини қайта тиклади. Қисқа муддатда кўчиб юрувчи турларни ишончли ҳимоя қилишни таъминловчи қўриқланадиган табиий ҳудудлар уч каррага оширилиб, мамлакатимиз умумий майдонининг 14 фоизига етказилди. Ўзбекистоннинг нодир табиат ландшафтлари ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон табиий мерос рўйхати, Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига ва Рамсар конвенцияси объектлари рўйхатига киритилди.

Ёввойи ҳайвонларни парвариш қилиш учун янги питомниклар ташкил этилди. Ноёб қуш турлари ва сут эмизувчиларни ўз яшаш маконларида кўпайишини қайта тиклаш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмонлар яратилгани ўсимликлар хилма-хиллигини ва ҳайвонот дунёсини қайта тиклаш имконини бермоқда.

Ўзбекистон 2024-2027 йилларда Конвенцияга раислиги даврида кўчиб юрувчи ҳайвон турларини ҳимоя қилишга ўзининг бутун куч ва салоҳиятини тўлиқ сафарбар қилишга тайёрдир. Биз Самарқандда бу борада келгусидаги ишларимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган 2024-2032 йилларга мўлжалланган Янги стратегик режа тасдиқланаётгани олқишланиши билдирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: