23:31 | 14.11.23

                       

Ҳозирда 150 та давлатда чанг бўронлари кучайиб бормоқда — Ферас Зиадат

БМТ вакили Марказий Осиё минтақаси чанг бўронлари энг кучли бўладиган ҳудудлардан бири эканини айтди.

Самарқандда БМТнинг чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва қурғоқчиликка қарши Конвенцияси ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси (CRIC-21) доирасида маҳаллий ва халқаро олимлар, мутахассислар иштирокида илмий анжуман бўлиб ўтди.

«Таълим ва ердан фойдаланишнинг илмий асосланган, инновацион ёндашуви ер деградацияси ҳамда қум ва чанг бўронларининг салбий оқибатларини юмшатишга ёрдам бера оладими?» мавзусига бағишланган тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялар илмий-тадқиқот институти, UNCCD (БМТнинг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси) ва UNCD (БМТ Тараққиёт дастури) вакиллари, 10 га яқин хорижий давлат илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, олимлар иштирок этди.

Bugun.uz мухбири БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Ер ресурслари бўлими ходими Ферас Зиадатга микрофон тутди.

Ферас Зиадат Орол денгизи муаммоси ҳақида кўп билимлар кераклигини айтган.

«Чунки бу минтақа учун жуда муҳим.  Одамларга таъсири бор ва шунинг учун биз яхши амалиётни амалга оширишимиз керак. Яқин Шарқда бўронлар, шамол чанг жуда ҳам актив. Марказий Осиё, Эрон, Хитой ва Яқин Шарқда кучли. Лотин ва Шимолий Америкада чанг бўронлари аста-секин ривожланиб боряпти. Ҳозир 150 та давлатда чанг бўрони кўпайиб бормоқда», – деган у.

Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти директори Бахтиёр Пулатовнинг сўзларига кўра, Шавкат Мирзиёев БМТ минбарида Орол денгизи муаммосини кўтариб чиққанидан бери дунё жамоатчилиги бунга жиддий эътибор қаратмоқда.

Анжуманда дунёда бўлаётган иқлим ўзгариши, денгиз, дарёларнинг қуриб кетиши, ерларнинг деградацияга учраши масалалари муҳокама қилинган. Орол муаммосини ҳал қилиш борасида қилинган ва режалаштирилган ишлар ҳақида маълумот берилган.

Ҳозирги вақтда 1 миллион 700 минг гектардан зиёд ерда саксовул экилиб, келажакда эса ҳар йили 200 минг гектар ерга саксовул экилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Бахтиёр Пулатов чўлланиш, қурғоқчиликка қарши кураш бўйича олимларнинг илмий анжуманида эришилган натижалар ҳақида гапирган.

Аввалроқ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш бўйича конвенция ижрочи котиби Иброҳим Тиау ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Самарқанддаги CRIC 21 яшил боғида дарахт эккани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: