13:51 | 09.04.24

                       

Президент 11 нафар чет эл фуқароларини афв этди

Шавкат Мирзиёев 426 нафар маҳкумни афв этди. Улар ижтимоий ҳаётга мослашиб кетиши учун вазирликларга тегишли топшириқлар берилди.

Президентнинг «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 426 нафар шахс афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 135 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 200 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 26 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 65 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 11 нафарини чет эл фуқаролари, 50 нафарини аёл, 13 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 157 нафарини ёшлар (шулардан, 3 нафари вояга етмаганлар) ҳамда 5 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

 

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: