16:39 | 06.02.24

                       

Президент онкологик беморлар бепул дориларни 10 баравар қимматга сотиб олаётганини айтди

Мирзиёев онкологик беморлар бепул дориларни 10 баравар қимматга сотиб олаётганини танқид қилди. Президент бу фақат онкологияда эканини, бошқа йўналишларда ҳам бундай фактлар етарли эканини айтди.

Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида онкологиядаги оқсоқликларни танқид қилди.

Маълум қилинишича, уч йил аввал онкологик беморларни кимё ва таргет терапияси учун 29 турдаги препарат билан таъминлаш йўлга қўйилган. Лекин, бу дорилар айрим ҳолларда жойларга ўз вақтида, тўлиқ етказиб берилмаётгани кўрсатиб ўтилган. Бюджетдан етарли маблағ ажратилмоқда.

Оқибатда баъзи беморлар уларни дорихонадан 10 баробар қиммат сотиб олишга мажбур.

«Мана – фармацевтикадаги ўйинлар!

Бу фақат онкологияда. Эндокринология, кардиология, шошилинч хизматда ҳам бундай фактлар етарли», – деди давлат раҳбари.

Бош прокуратурага онкологик препарат ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар, дорихоналар, қўлда сотувчиларни, умуман барча иштирокчиларни тартибга келтириш, жойларга етиб бормаган 17 турдаги препарат бўйича ўрганиш ўтказиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш топширилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдига ойлаб омборларда турган, рухсати ҳалигача чиқмаган дориларни хатлов қилиб, бу масалада тартиб ўрнатиш, давлат харидлари орқали олинган дориларни “буюртмачи – харидор – етказиб берувчи – бемор” занжири асосида шаффоф маршрут тизимини яратиш вазифаси қйилди.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлигига хорижий экспертлар жалб қилиниши ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: