20:21 | 28.03.24

                       

Президент Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати раисини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз бошчилигидаги делегациясини қабул қилди. Учрашувда гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев 28 март куни Хитой Халқ Республикасининг Шинжон-Уйғур автоном райони Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз бошчилигидаги делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, Ўзбекистон-Хитой дўстлик ва барча шароитда стратегик шериклик муносабатларидаги бугунги юксак даража катта мамнуният билан қайд этилди.

Давлат раҳбари ШУАР билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Инновацион технологиялар, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт ва логистика, банк-молия соҳаси, таълим, анъанавий тиббиёт каби бир қатор устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон ҳар йили Урумчи шаҳрида ўтказиб келинаётган “Экспо Хитой-Евроосиё” бош кўргазмасида фаол иштирок этиши қайд этилди.

Учрашувда гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: