17:55 | 21.12.23
Бобур Бекмуродов Прилепинни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришидан огоҳлантирди.
«Юксалиш» ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов Заҳар Прелепиннинг Ўзбекистонни босиб олиш таҳдиди ўзбекистонликлар орасида Россия Федерациясига салбий муносабатни кучайтираётганини айтиб ўтди. Унинг фикрича, сиёсатчининг фикри «мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат».
«Рус сиёсатчилари агрессив кайфият ва сўзлар билан дўст орттириб бўлмаслигини англаб етиши зарур. Айнан шундай агрессив ҳаракатлари дўстона муносабатдаги мамлакатлар билан алоқаларнинг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда», дейди у.
Шунингдек, Бекмуродов Захар Прилепинни бундай ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида қатъий огоҳлантирган. Прилепин ва бошқа рус сиёсатчилари илгари сураётган бундай қарашлар иллюзиядан бошқа нарса эмаслигини билдириб, Ўзбекистон мустақил, мустаҳкам суверенитетга эга мамлакат эканини эслатиб ўтган.
«Қарийб 60 минг аъзога эга бўлган Ҳаракат номидан Россия расмийларини иттифоқчи мамлакатга нисбатан бундай агрессив баёнотларга эътибор қаратишга ва батамом чек қўйишга чақираман. Прилепин бу гаплари билан Россия Конституциясининг ўзга давлатлар билан тинч ҳаёт кечириш, ички ишларига аралашмасликни назарда тутувчи 79.1 моддасига зид чиқмоқда», дейди Бекмуродов.
Эслатиб ўтамиз, россиялик сиёсатчи ва ёзувчи Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб олиш кераклигини айтганди. У мисол сифатида Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олишни таклиф қилган эди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: