21:57 | 07.06.24
Қашқадарёда солиқдан қарзи бўлган раҳбарнинг машинаси жарима майдончасига жойлаштирилди. Ўтказилган хатлов тадбирлари натижасида 6,7 миллиард сўм солиқ қарзи ундирилган.
100 миллион сўм солиқ қарзи учун Renault автомашинаси жарима майдонига жойлаштирилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг солиқ қарздорлигини мажбурий ундириш юзасидан хатлов тадбирлари амалга оширилмоқда.
Тадбир бошидан 1906 та автотраспорт воситалари Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда жарима майдончаларига жойлаштирилган. Натижада, 6,7 миллиард сўм солиқ қарздорлигининг ундирилиши таъминланган.
Хусусан, «Агрокимё таъминот ва ишлаб чиқариш» маъсулияти чекланган жамиятининг 100 млн. сўмлик қарзи эвазига балансида бўлган Renault русумли автомашинаси жарима майдонига қўйилган.
Volkswagen автотранспорт воситаси ҳам жарима майдончасидан жой олди. Ушбу автомобиль «DIAMOND HOUSE» хусусий корхонасининг раҳбарига тегишли бўлиб, 15 миллион сўм солиқ қарзи учун хатланган.
Шунингдек, «ТОЗА ҲУДУД» давлат унитар корхонасиинг 800 млн. сўм солиқ қарзи ҳисобига ISUZI автотранспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: