21:18 | 21.05.24

                       

Қирғизистондан 2 ярим миллиард сўмлик телефонларни олиб келган шахс ушланди

Қирғизистондан 2 ярим миллиард сўмлик телефонларни чегарадаги яширин ариқ орқали Ўзбекистонга олиб келган шахс ушланди.

Фарғонада қўшни давлатдан жуда кўп миқдордаги товар қимматликларини айланма йўллар орқали олиб ўтган шахс ушланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар берди.

Фарғона туманидаги чегара ҳудудда яшовчи Б. У. Қирғиз Республикасида яшовчи Жўмард исмли шахс билан катта миқдордаги телефон аппаратларини икки давлат чегараси билан кесишган жойдан Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлган. Давлат чегараларини ажратиб турувчи ариқ орқали ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 8 турдаги 328 дона уяли телефон аппаратларини қабул қилиб олган. Б. У. уларни уйига олиб келиб, товарларни туман марказига, яъни буюртма берганларга етказиб бериш мақсадида автомашинасининг яширинча ташиш учун тайёрланган махсус жойларига жойлаштирган.

ДХХ чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм тезкор бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида мазкур ҳолат аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди. Мазкур уяли телефон аппаратларининг бозор баҳоси 2 миллиард 500 миллион 300 минг сўм эканлиги маълум бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани суди томонидан бу иш кўриб чиқилиб, судланувчига тегишли жазо тайинланди. Далилий ашё сифатида олинган телефон аппаратлари давлат эгалигига ўтказилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: