13:37 | 27.02.24

                       

Қорақалпоғистонда қўлбола усулда спиртли ичимлик тайёрлаб сотаётган фуқаро ушланди

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида  ўз уйида қўлбола усулда спиртли ичимлик тайёрлаб сотаётган фуқаро қўлга олинди. У 96 дона «Қаратау» номи остидаги акциз маркасиз алкоголь маҳсулотини 2,7 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қўлбола усулда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган шахслар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қорақалпоғистон Тахиатош туман бўлими, ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбирлар ўтказилган. Унда Нукус шаҳри Жанабазар МФЙ ҳудудидаги хонадонда яшовчи Р.Б. ўз уйида қўлбола усулда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланиши аниқланган. У фуқаро З.Д.га жами 96 дона «Қаратау» номи остидаги акциз маркасиз алкоголь маҳсулотини 2,7 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, унинг кўрсатувига асосан Нукус шаҳри ва Тўрткўл туманида давом этган тадбирларда қалбаки алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган Б.И. ва И.Қ. жами 1 110 дона «Қаратау» номли қўлбола алкоголь маҳсулотларини ўтказиш мақсадида олиб келган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: