22:31 | 28.02.24

                       

Қуёш панеллари ўрнатувчиларга кўмаклашиш учун 50 млн доллар ажратилади

Президент томонидан ўтказилган йиғилишда қуёш панели ўрнатувчиларга кўмаклашиш кераклиги айтилди. Бунинг учун қўшимча 50 млн доллар ресурс ажратилиши, хорижий инвесторлар иштирокида яна 100 млн доллар жалб қилиниши белгиланди.

Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда жойларда қуёш панелларини ўрнатиш ҳолати ҳам кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аҳолининг бундан манфаатдорлигини ошириш мақсадида «Қуёшли хонадон» дастури жорий қилинган. Унга кўра, қуёш панели ўрнатган аҳолидан ҳар 1 киловатт электрни 1 минг сўмдан сотиб олиш тизими йўлга қўйилди. Ҳозирда 11 мингга яқин хонадон эгалари бу имкониятдан самарали фойдаланяпти.

Бу ишларни кенгайтириш учун унинг жозибадорлигини ошириш, қуёш панели ўрнатувчиларга кўмаклашиш кераклиги айтилди. Бунинг учун қўшимча 50 миллион доллар ресурс ажратилиши, хорижий инвесторлар иштирокида яна 100 миллион доллар жалб қилиниши белгиланди.

Қуёш энергиясидан фойдаланишда тадбиркорларга ҳам қўшимча енгилликлар яратилади. Жумладан, қуёш панели, инвертор ва аккумуляторларни импорт қилишда божхона имтиёзлари яна беш йилга узайтирилади.

Мутасаддиларга қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви таъминоти каби энергия сарфи юқори бўлган соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини қўллаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Бу соҳа ривожланаётгани бошқа турдош тармоқларга ҳам ижобий таъсир этмоқда. Хусусан, йирик қуёш ва шамол станцияларини қуриш, уларни тармоққа улаш, таъмир ва сервис хизмати кўрсатиш жараёнларида маҳаллий корхоналаримиз учун камида 1 миллиард долларлик бозор пайдо бўлмоқда.

Шу боис бу йил Қарши шаҳридаги «Солар кластер»да қуёш панели, аккумулятор, инвертор, сув иситкич, Оҳангарон саноат зонасида кабель ва трансформатор, Нукус шаҳри ва Андижон туманида қуёш панеллари ишлаб чиқариш лойиҳалаштирилган.

Президент маҳаллий корхоналарга халқаро сертификатларни олишда ва ишлаб чиқаришни халқаро стандартларга мослаштиришга кўмаклашиш бўйича кўрсатма берди. Энергетика вазири ва ҳокимлар йиғилишда белгиланган вазифалар бўйича ишни ташкил қилиш режалари юзасидан ахборот берди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: