14:26 | 21.10.23

                       

Россияни мигрантлар «парчалай» олса, давлатчилигингиз олдида муҳимроқ вазифалар турибди — Бобур Бекмуродов

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси ҳам россиялик депутатга жавоб қайтарди.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев Россия ҳукуматидан мамлакатдаги ўзбек диаспораси вакилларининг маблағлари эвазига ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун боғча ва мактаблар қуришда ёрдам сўраганига жавобан россиялик депутат Михаил Делягин Ўзбекистон ўзи «сиқиб чиқарган» фуқароларини қайтариб олиб кетиши кераклигини айтганди. Кейинроқ унинг гапига нисбатан депутат Алишер Қодиров фикр билдириб, Россияда ўзбек тилига муносабат қандай бўлса, Ўзбекистонда ҳам рус тилига нисбатан муносабат шундай бўлиши кераклигини таъкидлаган эди. Ўзбекистонлик яна бир депутат, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ҳам Делягинга жавоб қайтарди.


Бобур Бекмуродов ҳар қандай мамлакат ўз фуқаролари тўғрисида қайғурган ҳолда, уларга зарур шароитларни яратиш бўйича ташаббусларни илгари суриши нормал ҳолат эканини таъкидлаган. Бундай ташаббусларни амалиётга татбиқ қилиш эса Россия қонунчилигига зид эмаслигини ёзган.

Бундан ташқари, «Юксалиш» раиси ўзбекистонлик мигрантлар ўз меҳнати эвазига оиласини боқаётгани, Россия уларни текинга боқмаётганини эслатиб ўтган.

Учинчидан эса рус депутатининг иттифоқчи мамлакатларга нисбатан бу каби ўта оғир айбловларни илгари суриши унинг энг яқин ҳамкорларини ҳам ҳушёрликка даъват этиши келтирилган.

Шунингдек, Бекмуродов Делягинга агарда меҳнат муҳожирлари Россияни «парчалай» олса, у ҳолда ушбу мамлакат давлатчилигининг мустаҳкамлиги бўйича саволлар пайдо бўлишини шаъма қилган.

«Ўртоқ Делягин Михаил, агар сиз айтгандек, Россия Федерацияси каби катта мамлакатни меҳнат мигрантлари «парчалай» олса, олдингизда давлатчиликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ бошқа муҳимроқ вазифалар турибди. Михаил, бизда эркин ОАВ бор, Дума депутатлари айтаётган фикрлар Ўзбекистон жамоатчилигига етиб боради ва шубҳасиз мамлакатингизга нисбатан салбий фикрни шакллантиради. Давом этинг», деб ёзади у.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: