10:55 | 10.01.24

                       

Самарқанд вилоятида икки нафар солиқ ходими 5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Улар Жиноят кодексининг пора олиш моддаси бўйича айбдор деб топилган.

Самарқанд вилояти Булунғур туманида тадбиркорга қарийб 300 млн сўмлик солиқ ва пеня қарздорлигини камайтиришда ёрдам бериш эвазига пора талаб қилган солиқ ходимлари 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, Самарқанд тумани солиқ инспекцияси ходими Булунғур туманида тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқарога солиқлардан асоссиз ҳисобланган қарздорликни камайтиришда ёрдам беришини айтган. У ушбу хизмати эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган.

Аниқланишича, солиқ инспекцияси ходими тадбиркорнинг қарийб 300 миллион сўмлик солиқ ва пеня қарздорлигини камайтиришда Булунғур туман солиқ инспекциясида камерал солиқ текширувлари шуъбаси бошлиғини шерик қилган. Шўба бошлиғи эса корхонанинг солиқ базасидаги 281 миллион сўм солиқ қарздорлигини тахминан 277 миллион сўмга камайтириб ундан ташқари 15 миллион сўм пеня ҳисоблангани ҳақида маълумотни ҳамкасбига жўнатган. Хизмат ҳақи учун ўзига тегишли пластик картасини ташлаган.

Солиқ ходими Самарқанд шаҳрида тадбиркордан келишилган пулнинг 500 долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Солиқ ходимлари Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо умумий тартибли колонияларида ўталади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Солиқ идораларининг бир нечта мансабдор шахслари ҳибсга олингани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: