15:22 | 07.01.24
Тютор вилоят Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктирган.
ДХХ Самарқанд вилояти Бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда фуқароларнинг ишончига кириб, коррупцион ҳолатларга йўл қўйган бир неча шахс ашёвий далиллар билан ушланганини маълум қилди.
Самарқанд давлат университети «Математика» факултети тютори вазифасида ишловчи, 48 ёшли Т.А. вилоят Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктириб, маҳаллий фуқароларнинг меҳнат фаолиятларига 20 йиллик иш стажи қўшиб, нафақага чиқариб бериш эвазига фирибгарлик йўли билан 3 000 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинди.
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшовчи, 27 ёшли Ў.М. Навоий кон-металлургия комбинатида ишловчи яқин танишларининг имконияти орқали маҳаллий фуқарони комбинатга қарашли «Маржонбулоқ» ва «Зарафшон» олтин конларидан бирига ишга киритишга ёрдам беришини айтиб, ундан 2 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилиб, олаётган вақтида ушланди.
Шунингдек, ДХХ Самарқанд вилояти Бошқармаси ҳамда ИЖҚК Департаменти вилоят Бошқармаси билан хамкорликда ўтказилган фаол тадбирда Самарқанд шаҳрида яшовчи, Самарқанд туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи Х.Э. ва Пастдарғом туманида яшовчи, Самарқанд туманидаги маҳаллаларнинг бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи Б.В.лар қўлга олинди.
Ҳоким ёрдамчилари жиноий тил бириктирган ҳолда тумандаги маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи «Сиёб» канали бўйида жойлашган, ҳокимлик захирасидаги 3,5 сотих бўш ер майдонини Президент Фармонига асосан ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш баҳонасида аукционга чиқариб, ютиб бериш ва туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали кадастр ҳужжатларини қонуний расмийлаштириб бериш эвазига маҳаллий фуқародан 1 300 АҚШ долларини талаб қилиб, олдиндан 1 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни бўнак сифатида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирда юқорида келтирилган барча шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: