10:42 | 07.02.24

                       

Самарқанд ва Жиззахда 130 мингдан ортиқ истеъмолчининг электр таъминотида носозлик юзага келди

Самарқанд ва Жиззах вилоятларида кучли шамол оқибатида 130 мингдан ортиқ истеъмолчининг электр таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилмоқда. Энергетика вазирлиги кузатилаётган муаммо ҳақида маълумот берди.

Кучли шамол оқибатида Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги айрим электр тармоқларида носозлик юзага келган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, соат 07:30 да ушбу ҳудудларда юз бераётган кучли шамол баъзи бир электр қурилмаларида носозликларга сабаб бўлган.

Бунинг оқибатида Самарқанд вилоятида 457 МВт (114 минг 250 та истеъмолчи), Жиззах вилоятида эса 64 МВт (16 мингта истеъмолчи) қувват билан электр таъминотида вақтинчалик қисқа муддатли узилишлар кузатилмоқда.

«Ҳозирги вақтда махсус бригадалар томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Носозликлар қисқа вақт ичида босқичма-босқич бартараф қилиниб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти қайта тикланади. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги бугунги кундаги узилишларнинг асосий сабабини маълум қилган эди. Қайд этилишича, бунга сабаб тармоқларнинг ҳаддан ташқари эскиргани ҳисобланади. Статистикага кўра, мамлакатдаги мавжуд электр ускуналарининг 40 фоиздан ортиғи эскирган. Мисол учун, электр узатиш тармоқларининг 46 фоизи, подстанцияларнинг 51 фоизи, трансформатор пунктларининг эса 100 тадан 36 таси яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. Айнан шу сабабли қаттиқ совуқ ва жазирама иссиқ вақтида, тармоқларга юклама ортганда тез-тез ток ўчиб қолади. Бу эса одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: