11:10 | 22.12.23

                       

Сенатнинг 48-ялпи мажлисида экологиядаги муаммоларга ечим топиш чоралари муҳокама қилинди

Шунингдек, Экология вазирлиги томонидан иқлим ўзгаришининг олдини олишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш каби масалалар бўйича олиб борилаётган фаолият юзасидан маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқ саккизинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан иқлим ўзгаришининг олдини олишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳамда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш бўйича олиб борилаётган фаолият юзасидан маълумот берилган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Парламент эшитувида мамлакатда иқлим ўзгаришига қарши курашиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш масалалари иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш стратегиялари, шунингдек, Барқарор ривожланишнинг миллий мақсадлари ва вазифаларига киритилганлиги таъкидланган.

Қайд этиш жоизки, Париж битими доирасида 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташламаларини 35 фоизга камайтириш чоралари кўрилмоқда. Шу билан бирга, иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган дастурлар доирасида атмосфера ҳавосига таъсир хавфи юқори бўлган 44 та саноат корхонасининг ифлослантириш манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш бўйича 69 та автомат станцияси ҳамда уларга туташ ҳудудларда 27 та кўчмас кузатиш пунктлари ўрнатилган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Маълумот учун, 2023 йилда 147 та ишлаб чиқариш ва саноат корхоналаридаги 716 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналари таъмирланди ҳамда янгиланди. Натижада атмосферага 10 минг тоннадан ортиқ зарарли ташламалар чиқарилишининг олди олинган.

Шу билан бирга, фаолият олиб бораётган 14 та саноат корхонасида самарадорлиги 95 фоиздан кам бўлмаган, 12 та янги ташкил этилган корхонада эса 99,5 фоиздан кам бўлмаган 32 та чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган. Қолаверса, «Тоза ҳаво» тадбирлари доирасида 2 914 та автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилиши натижасида атмосфера ҳавосига чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар 209,232 тоннага камайтирилган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Бундан ташқари, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йилда 217 миллион туп кўчат экилган. Атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган 189 та саноат корхоналари атрофида 1 миллион 730 минг туп кўчат экилиб, «яшил белбоғ»лар, шунингдек, 196 та чиқинди полигонлари атрофида 135 минг туп дарахтлар экилиб, иҳота дарахтзорлар барпо қилинган.

Эшитув давомида соҳада айрим муаммо ва камчиликлар сақланиб қолаётганлиги ҳам таъкидланган. Муҳокамалар якунида республикамизнинг барча ҳудудларида атмосфера ҳавоси ифлосланиши даражасини рухсат этилган меъёрларгача тушириш, 2030-йилга бориб ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан иссиқхона газлари ташламаларини 35 фоизга камайтириш ҳамда атмосферага метан газини ташлашни 30 фоизга қисқартириш чораларни кўриш масалалари илгари сурилган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Шу билан бирга, шаҳарлар ва саноати ривожланган шаҳарларда майда дисперсли RM10 – RM2,5 ,5 зарраларни автоматик ўлчовчи асбоб-ускуналар ўрнатиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи ва саноат корхоналарининг чанг-газ тозалаш ускуналари самарадорлигини 99,5 фоизга етказиш чораларини кўриш лозимлиги қайд этилган.

Қолаверса, дарахтларнинг электрон харитасини яратиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш, транспорт воситаларини экологик тоза энергия манбаларига ўтказиш, экологик тоза транспорт воситаларини кўпайтириш, «Тоза ҳаво» тадбирлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш ва бошқа муҳим вазифалар бўйича кўрсатма ва тавсиялар берилган.

Муҳокама якунида мазкур масалаларни қамраб олган Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: